Жамият | 08:10 / 08.09.2020
18892
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида катта миқдорда табиий газ ўғирланиш ҳолатлари аниқланди

Газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 1 миллиард 350 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ тизимидаги "Ҳудудгаз метрология" филиали, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси вакиллари билан биргаликда Фарғона вилоятида оҳак ва бошқа турдаги қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг (АЁҚШ) текшируви ташкил этилди

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 10 кун давом этган ўрганишлар давомида вилоятдаги 15 та ишлаб чиқариш объектларида қўпол қонунбузарликлар ва 1 миллион 353 минг кубометрдан ортиқ газни ўғирлаш ҳамда газни ҳисобга олишдаги қонун бузилишлари билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди. 

Қайд этилишича, газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 1 миллиард 350 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.

Қонунбузарликлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди. Бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича текширувлар эса давом этмоқда. Белгиланган тартибларни четлаб ўтиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этган "Ҳудудгаз Фарғона" ГТФнинг мансабдор шахсларига нисбатан, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ раҳбарияти томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўрилади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид