8 сентябрь куни Минскда, Александр Лукашенконинг Мустақиллик саройидаги қароргоҳига Россия нашрлари вакиллари - «ВГТРК» (Бутунроссия давлат телевизион ва радиоузатув компанияси) корреспонденти Евгений Рожков, Russia Today бош муҳаррири Маргарита Симоньян, «Первый канал» корреспонденти Антон Верницкий ва «Говорит Москва» радиостанцияси бош муҳаррири Роман Бабаян президентдан интервью олиш учун келишди.

«Кўпроқ ўтириб юбордим, аммо...»
Интервью давомида Лукашенкодан Беларусдаги намойишлар сабаби ҳақида сўралган. У эса асосий сабаб ташқи кучлар таъсири эканини айтиб, америкаликларни мамлакат ишларига аралашишда айблаган. Шу билан биргаликда, беларусларнинг норозиликларига ички сабаблар ҳам борлигини тан олган.

«Ҳа, балки, мен бироз кўпроқ ўтиргандирман. Эҳтимол, мени нафақат телевизордан кўрсатишган, балки дазмол ва чойнакдан ҳам чиқиб келавергандирман. Аммо, чиндан ҳозирда беларусларни фақат мен ҳимоя қила оламан», дея Лукашенконинг сўзларини келтирган  «Говорит Москва».

Лукашенко намойишларнинг яна бир сабаби сифатида Беларусда иккита янги авлод пайдо бўлгани ва «буржуйларнинг кичик синфи ҳокимиятга интилаётгани»ни келтирган.

У россиялик журналистларга ўз постини «шунчаки» тарк этмаслигини маълум қилган.

«Мен шунчаки кетмайман. Мен чорак аср мобайнида Беларусни барпо этдим. Барчасини шунчаки ташлаб кетмайман. Қолаверса, агар мен кетсам, тарафдорларимни қирғин қилишади», деган Лукашенко.

Беларусь етакчиси Конституцияни ислоҳ қилишга тайёрлигини айтиб ўтган.

«Биз Конституция ислоҳотлари ўтказишга тайёрмиз, ундан кейин муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилиши мумкинлигини ҳам истисно этмаймиз.

Менинг қурол билан кўриниш беришим фақат битта нарсани англатади: мен ҳеч қаерга қочиб кетмадим ва мамлакатни охиригача ҳимоя қилишга тайёрман», деган у.

Лукашенко аввалдан конституцион ислоҳотлари ўтказилиши тарафдори бўлиб келади. У бир йил муқаддам берган интервьюсида ўз ворисига ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ваколатлар қайта тақсимланган Конституция қолдиришни исташи ҳақида гапирганди. 2020 йил июнида Лукашенко янги Конституция икки йил ичида тайёр бўлиши мумкинлигини айтди.

Унинг бу ташаббуси Москвада ҳам қўллаб-қувватланган. Россия Федерацияси ТИВ раҳбари Сергей Лавров конституцион ислоҳотларни Беларусдаги вазиятни барқарорлаштиришнинг оптимал формати деб атаган.