Ўзбекистон | 12:00 / 10.09.2020
10123
9 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти мисолида барча ҳудудларда тадбиркорлик бўйича янги лойиҳа амалга оширилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Республика ҳудудларида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш ҳамда жойларда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилояти мисолида республиканинг барча ҳудудларида “Тадбиркор – ислоҳотчи” ғоясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, “Фарғона тадбиркори – Фарғонада ислоҳотчи” ғояси асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ўтказилган ўрганишлар ҳудуднинг инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш борасида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди:

биринчидан, ер участкаларини ажратиш ҳужжатларини келишишда белгиланган муддатларни бузиш ва очиқ савдога чиқаришда асоссиз рад этиш ҳолатлари учрамоқда;

иккинчидан, бўш турган давлат объектларини сотилиши Ҳукумат билан келишилганлигига қарамасдан, балансда сақловчилар томонидан уларни ўз вақтида савдога чиқариш чоралари кўрилмаган;

учинчидан, тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли ташкил этишда коммуникация тармоқларига улаш бўйича мавжуд ресурслардан фойдаланилмаган;

тўртинчидан, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорларга белгиланган имтиёз ва преференцияларнинг қўлланилиши етарли даражада таъминланмаган.

Фарғона вилояти мисолида республиканинг барча ҳудудларида “Тадбиркор – ислоҳотчи” ғоясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади ва қуйидагилар инобатга олинади:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш;

тадбиркорлик ташаббусларини молиялаштириш ва банк хизматларини кўрсатишнинг сифатини ошириш;

бўш турган давлат мулки объектларига хусусий секторни кенг жалб этиш;

тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун ер участкаларини ажратиш;

тадбиркорларнинг тўлақонли фаолият олиб бориши учун муҳандислик-коммуникация тизимларига улаш.

Дастурга киритилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун шахсий жавобгарлик масъул ижрочилар — тегишли вазирликлар, идоралар, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар раҳбарларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дастурда белгиланган чораларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш ишларини мувофиқлаштириши ва устидан мониторинг ўрнатиши ҳамда қонун бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўллаши вазирликлар, идоралар, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлар раҳбарлари эътиборига етказилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир Қабулхонаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудлардаги тадбиркорлар муаммоларини тезкор ҳал этиш ва таклифларини ўрганиб чиқиш учун “Бизнес-чат” номли телеграм канали очиш чораларини кўради.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳудудлардаги сектор раҳбарлари қуйидагиларни амалга оширади:

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги мавжуд ғов ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўради;

ҳудудлардаги тадбиркорларнинг фаолиятини тўлақонли ташкил этиш учун уларни коммуникация тармоқларига (электр, табиий газ, сув ва бошқалар) уланишдаги муаммоларини ўрганади ва ҳал этиш чораларини кўради;

меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида оилавий тадбиркорликка ва касаначилик фаолиятига аёллар ва оиланинг банд бўлмаган бошқа аъзоларини жалб этиш орқали уйда қилинадиган ишларнинг турли кўринишларини ривожлантиришда “Корхона-Маҳалла” иқтисодий ҳамкорлик тизимини амалга ошириш чораларини кўради;

тадбиркорларнинг мавжуд бўш иш ўринларини тўлдириш учун ишчиларга бўлган эҳтиёжини аниқлайди ва биринчи навбатда “Темир дафтар”даги фуқароларни иш билан таъминлаш чораларини кўради.

Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) таъминотсиз 120 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Тижорат банклари, Лизинг компанияларига Тадбиркорлар учун туман, шаҳар марказларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини технологик воситалар, кичик механизациялар, станоклар ва бошқа хилдаги унча мураккаб бўлмаган воситалар, шунингдек, транспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида лизинг компанияларининг филиалларини ташкил этиш тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда аукцион савдоларига чиқариладиган бўш ер участкаларининг минимал қийматини ва улар учун инвестиция мажбуриятларини белгилашнинг ягона мезон ва механизмини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

икки ҳафта муддатда аукцион савдоларига чиқариладиган бўш ер участкаларини аниқлаш учун ўтказиладиган хатловларда қурилиш идораларини ҳам иштирокини ва бўш ер участкаларини “YERELEKTRON” тизимига аниқланган вақтдан бошлаб узлуксиз киритилишини таъминлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Дарё ўзанларида ва қирғоқбўйи минтақаларидаги истиқболли участкаларда геологик ўрганиш учун 2019 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4518-сонли қарор расмий эълон қилинган кунга қадар лицензиялар олган тадбиркорларга истисно тариқасида “Хавфсиз дарё” ДУК билан қум-шағал материалларини қазиб олиш юзасидан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳудудлардаги кичик саноат зоналари дирекцияси функцияларини тажриба асосида камида битта кичик саноат зонасини ишончли бошқарув шартномаси асосида хусусий бошқарувчи ташкилотларга бериш таклифига розилик берилади.

Хусусий бошқарувчи ташкилотга қуйидаги вазифалар юкланади:

буюртмачининг функцияларини бажариш, кичик саноат зонаси ҳудудидаги объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шу жумладан, кичик саноат зонаси ҳудудини муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш, кириш йўллари, автомобиль тўхташ жойлари қурилиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш;

кичик саноат зонаси ҳудудида умумий фойдаланиш жойлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги кичик саноат зоналар дирекцияси функцияларини хусусий бошқарувчилар томонидан бошқаришда муваффақиятга эришилган тақдирда, кичик саноат зоналарини бошқарувига хусусий секторни кенг жалб этиш юзасидан 2021 йил 1 январига қадар таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активлари бошқариш агентлиги:

бир ой муддатда муайян бир давлат ташкилоти қошидаги маъмурий биноларидан фойдаланиш ва бошқа турдаги функцияларни тажриба тариқасида аутсорсинг асосида хусусий тадбиркорларга берилишини таъминлайди;

тадбиркорлар сони ва фаолият турини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш ва давлат бюджетидан оқилона фойдаланиш мақсадида, жорий йил 1 октябрга қадар давлат иштирокидаги барча корхоналарни оптималлаштириш орқали уларнинг функциясини аутсорсинг асосида хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиш юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимиятлари билан бирга қуйидаги кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳудудларда ишбилармонлик фаоллиги даражасини таҳлил қилиб боради:

банк ҳисобварақлари бўйича операциялар динамикаси;

товар-хомашё биржаларидаги фаоллик;

мулк ҳуқуқидан фойдаланиш;

тадбиркорлик субъектларининг фаоллиги;

“ноль” солиқ ҳисоботи топширган, зарар кўриб ишлаётган ва фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилиш.

Таҳлил натижаларига кўра, мамлакатда ишбилармонлик фаоллиги даражасини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифларни ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Давлат хизматлари агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатилиши устидан доимий мониторингни ўрнатиш учун “YERELEKTRON” ва давлат хизматларини кўрсатишнинг (dxa.gov.uz) автоматлаштирилган ахборот тизимларининг ёпиқ қисмидан фойдаланишга рухсат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид