Жаҳон | 14:53 / 11.09.2020
28858
7 дақиқада ўқилади

11 сентябрь хуружлари – 19 йил ичида нималар ўзгарди?

Бугун 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда содир этилган ҳужумларга 19 йил тўлди.

Фото: Getty Images

Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларида ўғирлаб кетилган самолётлар томонидан уюштирилган ҳужумларда тинч аҳоли вакилларидан 2977 киши ҳаётдан кўз юмди. Ҳужумлар натижасида 6 мингдан ортиқ одам жароҳат олди.

АҚШ иқтисодиётига етказилган молиявий зарар 120 миллиард доллардан ошиқроқ, деб баҳоланган. Нью-Йорк шаҳри ва унинг инфратузилмасига эса 60 миллиард доллардан ортиқ зарар етказилган.

11 сентябрь хуружлари дунёда хавфсизлик сиёсати ва дипломатия соҳасида кўплаб ўзгаришларни олиб келди. Шу сабабли, кўпчилик бу кунни «дунё ўзгарган кун» деб таърифлайди.

2001 йил 11 сентябрда нималар рўй берганди?
«Ал-Қоида» томонидан уюштирилган ҳужумларда жами 19 нафар террорчи деярли бир вақтнинг ўзида парвоз қилган тўртта йўловчи самолётини олиб қочишган.

Террорчилар модел пичоқлар билан кабинага кириб, самолётлар назоратини қўлга олишган.

Ушбу самолётларнинг биринчиси Бостон-Лос-Анжелес йўналишида American Airlines авиакомпаниясининг 11-сонли парвозини амалга ошираётган эди. Ушбу самолёт ҳавога кўтарилганидан сўнг кўп ўтмай, ўз маршрутини Нью-Йорк томонга ўзгартиради ва шаҳар жанубидаги Жаҳон савдо марказининг шимолий минорасига бориб урилади.

Иккинчи самолёт эса United Airlines авиакомпаниясининг 175-рейси бўлиб, у Бостондан Лос-Анжелесга жўнаб кетаётганди. Ушбу самолёт ҳам дастлабки ҳалокатдан 17 дақиқа ўтгач, Жаҳон савдо марказининг жанубий минорасига «санчилди».

Самолётлар қулашидан сўнг минораларда ёнғин чиқди. Тахминан икки соатдан сўнг эса ҳар иккала минора ҳам қулаб тушди ва 1,8 миллион тонналик бир уюмга айланди.

Иккинчи самолётнинг минорага бориб урилишидан кўп ўтмай баёнот берган президент Жорж Буш ушбу воқеани теракт сифатида баҳолайди.

Ушбу баёнотдан бир неча дақиқа ўтгач, Вашингтон-Лос-Анжелес йўналишида 77-рейсни амалга оширган American Airlines йўловчи самолёти Пентагон биносининг ғарбий томонига «кириб келди».

Олиб қочилган тўртинчи самолёт эса United Airlines авиакомпаниясининг Нью-Жерсидан Сан-Францискога учадиган 93-рейси эди. Ушбу самолёт ҳавога кўтарилгандан сўнг кўп ўтмай Пенсильвания штатидаги бўш майдонга қулаб тушади.

Хабарларда айтилишича, тўртинчи самолётдаги йўловчилар бошқа ҳужумлардан хабардор бўлишгани сабабли тажовузкорларни тўхтатишга уринишган. Ўртада келиб чиққан жанжал оқибатида самолёт ҳалокатга учраган. Бироқ кейинчалик илгари сурилган яна бир даъвога кўра, ҳужумлардан сўнг ушбу самолёт АҚШ ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган.

11 сентябрь хуружларини режалаштиргани учун узоқ вақтдан бери Гуантанамодаги қамоқхонада ушлаб турилган Холид Шайх Муҳаммад ва Ремзи бин ал-Шибҳ ўз кўрсатмаларида сўнгги самолётнинг нишони АҚШ Конгресси биноси бўлганини айтишган.

Дунё қандай муносабатда бўлди?
Ироқдан ташқари деярли барча давлат, шу жумладан, АҚШ билан дипломатик алоқалари бўлмаган мамлакатлар ҳам ҳужумлардан сўнг АҚШни қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.

Ироқ томонидан берилган баёнотда эса «Америкалик ковбойлар инсониятга қарши жиноятларининг мевасини йиғмоқдалар», дейилди. Ҳужумлардан кейин Фаластин маъмурияти, Афғонистон ва Эрон ҳам бирдамлик хабарини берди.

Шу тариқа, бир аъзога қарши қилинган ҳар қандай ҳужум қолган барча аъзоларга ҳам қилинганини ифода этувчи НАТО Хартиясининг 5-моддаси илк бор амалда кучга кирди.

БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши (UNSC) ҳужумларни қоралади ва «терроризмга қарши курашда» ҳар қандай ҳарбий қадамни ташлашга тайёрлигини билдирди.

АҚШ қандай йўл тутди?
Ҳужумлардан сўнг АҚШнинг ички ва ташқи сиёсатида бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.

Биринчи навбатда, АҚШ тарихида илк марта мамлакат ҳаво ҳудуди ёпилди ва ҳужумлар пайтида ҳавода бўлган 500га яқин рейслар парвоз нуқтасига қайтарилди ёки бошқа мамлакатларга йўналтирилди.

Ҳужумлардан сўнг эълон қилинган фавқулодда ҳолат ҳали ҳам амалда. АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШда фавқулодда вазият режимини яна бир йилга узайтирди. 

Ички хавфсизлик вазирлиги ташкил этилди, PATRIOT номли қонун қабул қилинди, «терроризмга қарши кураш»да амалга ошириладиган ишлар батафсил баён қилинди ва Миллий хавфсизлик институти (NSA) ваколатлари кенгайтирилди.

Гуантанамо оролида «ноқонуний душман жангчилари» деб аталган кишилар сақланувчи қамоқхона ташкил этилди. Маълум бўлишича, бу ерда дунёнинг турли бурчакларидаги «Ал-Қоида» билан боғлиқ эканини тахмин қилинган кишилар Марказий разведка бошқармаси томонидан қийнаб, сўроқ қилинган.

Ҳужумлардан сўнг Конгрессда ташкил этилган 11 сентябрь тергов комиссияси мамлакат хавфсизлигида жиддий заифлик бор деган хулосага келди. Шундан сўнг АҚШ разведка тизими қайта тузилди.

11 сентябрь хуружларидан сўнг АҚШ ташқи сиёсати уларнинг «Ал-Қоида»га қарши курашини қўллаб-қувватламаган мамлакатларни душман сифатида қабул қилишини билдирди.

Ҳужумдан кўп ўтмай қилган баёнотида президент Жорж Буш Эрон, Ироқ ва Шимолий Кореяни «ёвузлик ўқи» деб таърифлади.

АҚШ «Терроризмга қарши кураш» стратегияси доирасида аввал Афғонистонни, сўнг эса Ироқни ишғол қилди.

АҚШда миллатчилик авж олди. Федерал Қидирув Бюросининг (FBI) 2014 йилда эълон қилган ҳисоботига кўра, 2001 йилга нисбатан нафрат билан боғлиқ жиноятлар камайган бўлса-да, мамлакатда мусулмонларга қарши қаратилган жиноятлар сони ортган.

2017 йилда PEW таҳлилий маркази томонидан эълон қилинган ҳисоботда 11 сентябрь ҳужумларидан кейинги 15 йил ичида мусулмонларга қарши ҳужумлар 50 фоизга ошгани айтилади.

Пентагон. Фото: Getty Images

Яна нима ўзгарди?
Энг муҳим ўзгаришлар яна бири аэропортларда ва фуқаро авиациясида хавфсизлик чоралари кучайтирилганидир. Самолётнинг учувчилар кабинаси эшиклари очилиши қийинлаштирилган шаклда қайтадан ишланди.

Фуқаро авиацияси саноати оғир иқтисодий инқирозга учради. Баъзи йирик авиакомпаниялар ёпилди. Натижада АҚШ Конгресси ҳаво йўллари секторини қўллаб-қувватлаш учун 15 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишга мажбур бўлди.

Нафақат АҚШда, балки дунёнинг кўплаб жойларида жамоат бинолари ва одамлар кўп йиғиладиган ҳудудларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Мавзуга оид