Ўзбекистон | 22:38 / 11.09.2020
6574
2 дақиқада ўқилади

«18 ёшгача бўлган болалар ихтиёрий тарзда ҳам пахта териши мумкин эмас» — Самарқанд вилоят бандлик бошқармаси

Самарқандда жорий йилги пахта мавсумида мажбурий ва болалар меҳнатининг олдини олиш юзасидан брифинг ўтказилди. Вилоят Бандлик бош бошқармаси, вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари масала юзасидан маълумот берди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Брифингда таъкидланишича, жорий йилда пахта териш ишларига ихтиёрий тарзда боришни истаган фуқаро ҳам аввало фермер ёки кластер раҳбарлари билан шартнома тузиши керак. Мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳар қандай ташкилот раҳбари жавобгарликка тортилади.

Расмийларга кўра, ташкилотлар ходимлари жамоавий тарзда, кўнгилли сифатида ҳам пахта теримига жалб этилмайди. Ҳар бир кўнгилли фуқаро, ўзи истаган меҳнат органлари, бандлик агентлиги ёки ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали терим отрядларига қўшилиши ва шартнома асосида пахта териши мумкин.

Тадбирда 18 ёшдан кичик ёшларнинг пахта теримига жалб этилиши билан боғлиқ саволларга жавоб берилди.

«Пахта теримига болаларнинг жалб этилиши улар буни ўзлари истаган тақдирда ҳам мумкин эмас. Чунки юртимиздаги мавжуд қонунчиликка кўра, 18 ёшгача бўлган ёшларнинг меҳнати қўлланилиши тақиқланган бир қатор меҳнат турлари мавжуд бўлиб, бу ишларда меҳнат қилиш ноқулай деб белгиланган. Жумладан, пахта териш, ветеринария санитари, ипак қурти заводлари ишчиси, тамаки йиғиш, ташиш ва бирламчи ишлов бериш каби бир қатор меҳнат турлари худди шу 18 ёшгача бўлганлар учун номақбул ҳисобланади», – деди вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳошимов.

Бошқарма маълумотига кўра, агар қайсидир ҳудудда масалага эътиборсизлик билан қаралса, нафақат пахта мавсумида, балки йил давомида ҳам мажбурий меҳнат ҳолатлари содир этилиши мумкин.

Жумладан, вилоят бўйича шу йилнинг август ойига қадар 4 та мажбурий меҳнат ҳолати тасдиқланиб, бунга йўл қўйган мансабдор шахсларга жами 35 миллион сўмдан зиёд жарима қўлланилган.

Мавзуга оид