Ўзбекистон | 11:30 / 12.09.2020
5990
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббиёт соҳасининг энг муҳим тармоқлари дунёнинг етакчи олимлари томонидан муҳокама этилди

Замонавий тиббиётни фундаментал фанлар ва уларнинг ютуқларисиз тасаввур қилиш қийин. Инновацияларни амалий тиббиётга жорий қилиниши касалликларга ташхис қўйиш ва шу йўл орқали уларнинг олдини олишда энг тўғри ва ҳаққоний йўл ҳисобланади.

Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Диагностик радиология ва ядро медицинасининг танланган масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн конференция ўтказилди. Анжуман Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 90-йиллигига бағишланди.

Анжуман очилишида институт ректори, профессор Жасур Ризаев замонавий интернет технологияларнинг ҳаётимизга кенг миқёсда кириб келаётгани ва бу каби анжуманларни ўтказиш имкони мавжуд эканлигини айтиб ўтди.

Конференцияда Республика онкология ва радиология илмий-амалий маркази, Республика радиологлар жамияти аъзолари, Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти олимлари билан бирга Россия, Германия, Қувайт каби давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-текшириш институтларининг мутахассислари, ёш олимлар қатнашдилар. Замонавий радиология ва ядро медицинасининг ҳозирги замонда тиббиёт соҳаларининг барча жабҳаларидаги ўрни, онкология, нейрохирургия, юқумли касалликлар, хирургия, терапия ва коронавирус пандемияси диагностикаси каби масалаларга оид маърузалар эшитилди.

Халқаро онлайн анжуманда соҳанинг долзарб масалалари, шу жумладан радиологлар тайёрлашнинг хорижий тажрибаси, диагностика ва даволаш жараёнида радиология ва ядро медицинаси фанларининг ўрни, хориж тажрибасининг миллий тиббиёт олийгоҳлари ўқув жараёнига, мамлакатимиз тиббий муассасаларида даволаш ва диагностика ишларига татбиқ этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

СамДТИда бўлиб ўтган мазкур халқаро илмий-амалий онлайн конференция сўзсиз радиологлар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда мамлакатимизда диагностика ва даволаш масалаларининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.

СамДТИ матбуот хизмати

Мавзуга оид