Жаҳон | 10:11 / 13.09.2020
21459
2 дақиқада ўқилади

Беларусь чегараси яқинига АҚШ қўшинлари жойлаштирилаётгани маълум қилинди 

Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин мамлакатнинг Литва билан чегараси яқинига АҚШнинг танк полки ташланганини маълум қилди. Вазирнинг таъкидлашича, АҚШ қўшинлари чегарага “Атлантик қатъият” (Atlantic Resolve) ва “Кучайтирилган илғор иштирок” (Enhanced Forward Presence) амалиётлари доирасида жойлаштирилмоқда.

Фото: Reuters

“НАТО қўшинларининг қўшни давлат ҳудудида ҳаракатланиши юз бермоқда. Жумладан, бу вақтда чегарамиздан 15 км узоқликдаги Пабрада полигонига (Литва) АҚШ 69-танк полкининг 2-танк батальонининг ташланиши амалга оширилмоқда”, деб маълум қилган Хренин.

Унинг таъкидлашича, ҳукуматни Беларуснинг ғарбий чегаралари яқинида АҚШнинг 500 ҳарбийси, 29 танки ва 43 та жанговар машинаси борлиги ташвишлантирмасдан қўймайди ва Беларус қуролли кучлари бунга муносиб ҳаракат қилмоқда. Республиканинг ракета қўшинлари, артиллерияси, ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумига қарши қўшинлари ўқув-жанговар навбатчилик ҳолатига келтирилган. Шунингдек, танк батальони жанговар шай ҳолатда турибди. 

Август охирида Беларуснинг Гродно области йўналишида ҳарбий машғулотлар ўтказилган. Ушбу машғулотлар доирасида Ғарб томондан келувчи шартли душманга қарши курашиш машқ қилинган. Ўшанда Хренин ушбу машғулотлар ўтказилиши заруратини мамлакат ички ишларига ташқаридан аралашишга уринишлар бўлаётгани билан тушунтирганди.

Бундан аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко бошқа давлатлар республикадаги нобарқарор вазиятдан фойдаланган ҳолда Гродно областини эгаллаб олиб, уни Польшага қўшишга уринаётганини айтган. Лукашенко, шунингдек, НАТОни Беларусь чегаралари яқинига қўшинлар ташлашда айблаган. Бироқ альянс бунга жавобан Беларусь президентининг хавотирланишига асос йўқлигини айтган.

Мавзуга оид