Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Беларусь: Европарламент мухолифатни ва Лукашенкога қарши санкцияларни қўллаб-қувватлади
Пайшанба куни Европарламент Беларусь бўйича резолюцияни қабул қилди, унга кўра мамлакатдаги президентлик сайловлари натижаларини тан олмаслик, Мария Колесникова ва бошқа барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш ҳамда Светлана Тихановская ва Беларусь мухолифатининг Мувофиқлаштирувчи кенгашини қўллаб-қувватлаш ифода этилган.
Европалик қонун чиқарувчилар Россиянинг Беларусь сиёсатига «гибрид аралашуви»ни ҳам қоралашган.
Европарламент Беларусь халқини демократия учун курашда тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.
Ушбу резолюция 574 нафар евродепутат томонидан маъқулланган, 37 нафари қарши чиққан, 82 нафари эса бетараф қолган.
Шу тариқа, европарламентарийлар ЕИ давлатлари ташқи ишлари вазирлари тутган позицияни қўллаб-қувватлашган, аввалроқ вазирлар расмий Минскка нисбатан санкциялар қўллашга қарор қилишганди.
Европарламентарийлар санкциялар рўйхатига Лукашенконинг ўзини ҳам киритишни тавсия қилишган, аввалроқ Латвия, Литва ва Эстония худди шундай йўл тутганди.
Европарламент резолюцияси иттифоқ давлатларини Лукашенкони 9 августдаги сайловларда халқаро стандартлардаги қоидалар қўпол равишда бузилгани учун Беларусь президенти сифатида тан олмасликка чақиради.
Бунинг ўрнига ЕИ мухолифатнинг халқаро кузатувчилар иштирокида янги сайловлар ўтказиш тўғрисидаги чақириғини қўллаб-қувватлайди.
- Резолюция тавсиявий характерга эга бўлиб, у ЕИ институтлари томонидан ижро этилиши мажбурий эмас, аммо улар учун сиёсий ориентир вазифасини бажаради.

Резолюция ЕИ мамлакатларини ва «бошқа демократик давлатлар»ни Халқаро ҳоккей федерациясидан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўзгармас экан, Беларусни 2021 йилги жаҳон чемпионатини Латвия билан биргаликда ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни талаб қилишга чақирган.
Қонунчилар шунингдек, Беларусдаги намойишлар қаттиққўллик билан бостирилишини қоралашган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зўравонлик тўхтатилиши ва тинч намойишларда қатнашгани учун қўлга олинганларнинг барчаси озод этилишини талаб қилишган. Шунингдек, намойишчиларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мустақил текширув ўтказилиши талаб қилинган.
Европарламент «сиёсий ва ижтимоий ҳаётда барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ролини маъқуллаган ва уни Беларусдаги демократик ўзгаришларни талаб қилаётган одамларнинг вакили сифатида қабул қилган».
ЕИ «Светлана Тихановская, Вероника Цепкало ва Мария Колесникова бошчилигидаги жасур беларусь аёлларининг ҳиссаси»ни алоҳида таъкидлаган ва беларусларнинг кўпчилиги Тихановскаяни сайловлар ғолиби ва сайланган президент сифатида тан олиши қайд этилган.
Европарламент Болтиқ бўйи давлатларидан ўрнак олган ҳолда куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари ва Лукашенко бошчилигидаги амалдорга қарши санкциялар рўйхатига «Лукашенко режимини қўллаб-қувватлашга шахсан жалб этилган россияликлар»ни ҳам киритишни тавсия этган.
Бундан ташқари, Европарламент аъзолари иттифоқ аъзоларини Беларусни тарк этишни истовчилар учун гуманитар йўлак тақдим этиб, уларнинг виза олишини соддалаштиришга чақирган.
Резолюция «Россия Федерациясининг Беларусь ички ишларига гибрид аралашувини, жумладан, Беларусь давлат нашрларига медиа-экспертлар, ҳарбий соҳаларга маслаҳатчилар юборилгани»ни қоралаган.
Ҳужжат матни Беларусь ва Россияга юборилади.
Мавзуга оид
08:50 / 05.06.2026
ЕИда украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тартиби ўзгариши мумкин
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
08:58 / 04.06.2026
Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши йўлида муҳим қадам ташланди
08:48 / 03.06.2026