Ўзбекистон | 12:06 / 18.09.2020
3047
2 дақиқада ўқилади

Айрим товар гуруҳлари пандемия шароитидан қатъи назар ўсиш тенденциясини кўрсатган

Инфляциянинг динамикаси таҳлили сўнгги уч йил ичида айрим товар гуруҳлари пандемия шароитларидан қатъи назар, ўсиш тенденциясини намойиш қилганини кўрсатди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги шарҳида айтилган.

Қайд этилишича, бу, ўз навбатида, жорий инфляция тенденциясининг асосан номонетар хусусиятини белгилайди. Бу ерда бир қатор омиллар ажратиб кўрсатилган.

Паст даражадаги рақобатбардошлик

Инфляцион босим мавжудлигининг муҳим омилларидан бири рақобатбардош бўлмаган шароитда нархларни эркинлаштиришдир, бу эса ўз навбатида эгилувчан бўлмаган нарх шаклланиши жараёнини вужудга келтиради. Бу омил нафақат тадбиркорлик субъектларига салбий таъсир қилади, балки товар ва хизматлар бозорида бозор муносабатларига эришишда тўсиқ бўлади. Бундай шароитда нархлар иқтисодий цикл босқичларига мос равишда тебранишдан тўхтайди ва фақат ўсиб боради.

Ишлаб чиқариш салоҳиятининг ривожланмаганлиги

Бундай омилларга, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш қувватларининг қисқариши ва улардан самарасиз фойдаланилишни киритиш мумкин. Чунки ушбу омиллар ишлаб чиқариш самарадорлигини пасайишига сабаб бўлади ва харажатларни оширади. Бундай шароитда илғор ва юқори технологияли ускуналарни жорий этиш ва ишлаб чиқаришнинг товар бозорларига боғлиқлигини камайтириш зарурати вужудга келади. Бу ўз навбатида, солиқ имтиёзларини бериш, тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инфратузилма чекловлари ҳамда маъмурий тўсиқларни камайтириш орқали инвестиция сиёсатини такомиллаштиришни талаб этади.

Институционал муҳит

Ва охирги муҳим омил, бу харажатларнинг ошишига ва умуман ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига сабаб бўладиган мамлакатдаги институционал муҳитдир. Институционал муҳитни яхшилаш учун тартибга солиш тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда ҳудудий ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги мувофиқликни таъминлаш орқали бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш орқали ҳаракат қилиш зарур.

Мавзуга оид