Дунёдаги вазият: Жами ҳолатлар сони 30 миллиондан ошган, исроилликлар яна уйларига қамалди
Британия эпидемиологлари мамлакатда касалланиш ҳолатлари сони жуда тез ортаётганидан хавотирда, Исроил яна умуммиллий карантинга ёпилди, Чехия вирус тарқалиши бўйича Европада иккинчи ўринга чиқди.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 30,2 миллионга яқин одам коронавирусни юқтирган, шундан 946 мингдан ортиқ киши вафот этган.
Исроил дунёда умуммиллий карантинни иккинчи бор жорий этган илк мамлакат бўлди. Одамлар фақат фавқулодда ҳолатлар рўй берганда ўз уйларини тарк этишлари мумкин, ҳаракатланиш доираси қатъий чекланган. Локдаун бошланиши Рош ха-Шананинг (яҳудийлар янги йили) биринчи кунига тўғри келди. Анъанага кўра байрам бир ҳафта давом этади ва шу даврда одамлар бир-бириникига ташриф буюради.
Сўнгги вақтларда Исроилда Covid-19 билан касалланиш статистикаси кескин кўтарилди ва расмийлар карантин жорий этилиши вируснинг кейинги тарқалишини сусайтиради деб ҳисоблашмоқда. Исроилда пандемия бошланганидан бери деярли 177 минг киши коронавирус билан касалланган, 1169 киши вафот этган.
Европада касалланиш ҳолатларининг кескин ўсиши
Пайшанба куни Чехияда Covid-19’нинг янги ҳолатлари бўйича навбатдаги кунлик рекорд қайд этилди - 3130 бемор. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Европада пандемия бошланган март ойида ҳам бу каби кўрсаткич кузатилмаган. Сўнгги бир неча кун ичида Чехияда касаллик жиддий авж олмоқда.
Чехия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган янги ҳолатлар сони бўйича Чехия Европада Испаниядан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Мамлакатда эпидемия бошланганидан бери 44,1 минг киши вирус юқтирган. Шу билан бирга, ўлим статистикаси Европадаги энг қониқарли даражада: 489 нафар қурбон. 1 сентябрдан бошлаб жамоат жойларида ва транспортда ниқоб тақиш мажбурийлиги қоидаси мамлакат бўйлаб яна кучга кирди, 10 сентябрдан кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларда қўшимча чекловлар жорий этилди.
Ницца расмийлари 10дан ортиқ одам иштирок этувчи йиғинларга тақиқ жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Аввалроқ, Марсель маъмурияти шу каби чораларни эълон қилганди. Душанба кунидан бошлаб Франция расмийлар янги вирус билан касалланганлар сони ҳар куни барқарор равишда кўпайиб бораётганини қайд этишмоқда. Ушбу ҳафта давомида мамлакат бўйлаб ўнлаб мактаблар ёпиб қўйилди. Айни пайтда, француз касаба уюшмалари одамларни Франция ҳукуматининг пандемия оқибатида келиб чиқаётган иқтисодий таназзулга қарши етарли чоралар кўрмаётганига қарши норозилик билдиришга чақирмоқда.
Бугунги кунга қадар Францияда 454,2 минг киши коронавирус билан касалланган, 31,1 минг киши вафот этган.
Лондон ҳукумати ҳам Британия пойтахти ҳаётининг бир қатор соҳаларида, хусусан, умумий овқатланиш жойларида чеклов чораларини жорий этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Жума куни шаҳар мэри Содиқ Хон Темза дарёси устида янги йилга бағишланган салют бекор қилинишини айтди. Бу анъанавий равишда қишки таътилнинг энг ёрқин воқеаларидан бири бўлиб, одатда минглаб одамларни жалб қиларди.
Ирландиялик олимларнинг сўнгги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, Covid-19’ни бошдан кечирган беморларнинг ярми даволагандан сўнг узоқ вақт давомида кучсизликдан азият чекмоқда. Уларнинг фикрига кўра, тез чарчашни, касалликнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, бошдан кечирилган вируснинг муқаррар оқибатларидан бири деб аташ мумкин.
Британияда хавотирли вазият
Британияда беморлар сони кескин кўпайиши мамлакат эпидемиологларини хавотирга солмоқда. Уларнинг фикрига кўра, кузнинг бошланиши билан ўз-ўзидан ўсиш кутилган эди, аммо унинг ҳозирги тезлиги жуда таҳликали. Фавқулодда вазиятлар бўйича илмий маслаҳат гуруҳи (инглизча қисқартмаси SAGE - «донишманд») ҳукуматга кўнгилочар муассасалар ва ресторанлар иш вақтини чеклашни ва инглиз мактабларининг таътил кунлари билан қисман тўғри келувчи (26 октябрдан бошланувчи ҳафта) икки ҳафталик кенг кўламли локдаун жорий этиш мумкинлигини таклиф қилмоқда.
Душанбадан бери мамлакатда «олтилик қоидаси» амал қилмоқда: битта том остида яшамайдиган одамлар олти киши кўп бўлиб (ҳатто уйда ҳам) тўпланиши мумкин бўлмайди. Жума кунидан бошлаб Англия шимоли-шарқидаги баъзи ҳудудларда қўшимча чекловлар кучга кирди ва яқин кунларда улар яна учта графликда жорий этилади: Ланкашир, Ғарбий Йоркшир, Мерсисайд, шунингдек, Мидлэндс марказидаги ҳудудлар.
Бироқ, ушбу чоралардан ташқари, ҳукумат зудлик билан Covid-19 учун тест тизимини қониқарли ҳолатга келтириши керак, дея таъкидлайди эпидемиологлар. Британия лабораториялари намуналарни таҳлил қилишга улгурмаяпти, энг ёмон аҳвол Англияда кузатилмоқда.
Лондон Империал коллежи олимлари янги ишланмани - маълумотларни лабораторияда қайта ишлашни талаб қилмасдан тезкор таҳлил ўтказувчи махсус аппаратни тақдим этишди. Унинг ёрдамида тест натижаларини олиш учун 90 дақиқа вақт кетади. Мослама пойабзал қутисига тенг бўлиб, уни бошқариш осон.
Шу билан бирга, янги қурилма қайта ишланмаган кўплаб намуналарга дош беролмайди, чунки у бир вақтнинг ўзида фақат битта таҳлилни амалга ошириши мумкин, кунига эса кўпи билан 16та. Ҳозирги кунда бундай қурилмалар мамлакатдаги саккизта касалхонада қўлланмоқда. Қурилмаларнинг оммавий ишлаб чиқарилиши узоқ вақт талаб этади, аммо вақтнинг ўзи йўқ, дейди олимлар.
Бошқа янгиликлар
Лотин Америкасидаги пандемия ўчоғи Бразилиядан Аргентинага кўчмоқда. Ўтган кун давомида мамлакатда янги касалланиш ҳолатларининг рекорд даражадаги кўрсаткичи қайд этилди - 13 минг. Аргентинада вирус юқтириш ҳолатларининг умумий сони 600 мингдан ошган, 12 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган.
Мамлакатда март ойида жорий қилинган локдаун ҳали ҳам ўз кучида, аммо август ойининг иккинчи ярмида баъзи енгилликлар амалга оширилди. Хусусан, аргентиналиклар 10 кишигача тўпланиши мумкин, баъзи ресторанлар очилган. Бироқ, 5 сентябрдан бошлаб касаллик яна кескин тарқала бошлади.
Шу билан бирга, қитъанинг энг кўп зарар кўрган мамлакатлари - Бразилия ва Мексикада эпидемияни назоратга олишнинг уддасидан чиқишди ва ҳатто баъзи ҳудудларда вирус тарқалиши секинлашди. Ушбу икки давлатдаги ҳолатлар статистикаси Аргентинага қараганда юқори бўлишига қарамай, 100 минг кишига тўғри келувчи беморлар сони бўйича Аргентина улардан анча олдинда.
Австралия ҳукумати мамлакатга кириши мумкин бўлган австралияликлар сонини ҳафтасига 4 минг кишидан 6 минг кишига кўпайтирди. Киришга чекловлар туфайли 30 мингга яқин австралияликлар Буюк Британиядан уйларига уча олишмаяпти. Кўпчилик Ҳитроу аэропортида бир неча кун яшашига тўғри келмоқда.
Мавзуга оид
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
10:45 / 09.11.2024