Ўзбекистон | 16:13 / 18.09.2020
11671
2 дақиқада ўқилади

ИИББ Сергели туманида содир бўлган ЙТҲ бўйича расмий маълумот берди

Ҳозирги вақтда тергов олиб борилмоқда, бир қатор экспертизалар белгиланган.

Тошкент шаҳар Сергели туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар қилган.

2020 йил 17 сентябрь куни тахминан соат 02:00да 31 ёшли Фаррух Т. Lacetti русумли автомобилни маст ҳолатда Сергели тумани Чинор кўчаси бўйлаб бошқариб борган. 

Қайд этилишича, у Чинор ва Қўрғонтепа кўчалари кесишмаси яқинида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дўконга тўқнашиб, сўнг четда турган икки нафар пиёдалар – 24 ёшли Муҳаммад Т. ва 22 ёшли Альфия Б.ни уриб юбориб, йўл четида тўхтаб турган 32 ёшли Камола Н. бошқарувидаги Spark русумли автомобилга тўқнашган. Ҳайдовчининг кўрсатмаларига кўра, автомобиль тезликни ошириб ҳаракатланган.

Тезкор-тергов гуруҳи воқеа жойига етиб келиши билан гувоҳлар ҳайдовчи ЙТҲ жойини тарк этишга ҳаракат қилганлигини, аммо улар томонидан қўлга олинганини маълум қилишди. 

ЙТҲ сабабли иккала пиёдалар ҳам шифохонага етказилдилар. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди. 

Ҳозирги вақтда тергов олиб борилмоқда, бир қатор экспертизалар белгиланди, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид