Триполидаги БМТ томонидан тан олинган Фоиз Саррож бошчилигидаги Ливия миллий келишув ҳукуматига қарши ҳам, шарқдаги генерал Халифа Ҳафтар армиясига таянадиган ҳукуматга ҳам қарши кўча намойишлари бошланиб кетди.

Митинглар, тўқнашувлар ва ички курашлар бир ҳафта ичида икки лагерда ҳам ҳукуматлар истеъфосига олиб келди: чоршанба куни Саррож октябрь ойи охиригача истеъфога чиқишини эълон қилди, бироз аввалроқ Ҳафтарнинг иттифоқчиси, шарқдаги муқобил ҳукумат раҳбари Абдулла Соний ҳам истеъфо берганди.

Ливия  Африканинг нефть захираларига энг бой давлати ҳисобланади, бу мамлакатдаги зиддият аллақачон хориждаги суперқудратли давлатларнинг гибрид урушига айланиб кетган. Саррож бошчилигидаги Ливия миллий келишув ҳукуматини Туркия ва Қатар дипломатия ва ҳарбий йўллар орқали қўллаб келади, Ҳафтарга эса БАА, Миср, россияликларнинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси, Саудия Арабистони, Иордания ва Франция каби давлатлар ошкора ёки махфий равишда ёрдам бериб келади.

Ливиядаги қарама-қаршилик, худди Греция ва Туркия ўртасида Ўрта ер денгизида юзага келган қарама-қаршилик сингари аввалги можаролардан Вашингтоннинг ушбу минтақага бўлган қизиқишлари камайиши ортидан маҳаллий кучли давлатларнинг асосий ўйинчиларга айлангани билан фарқланади.

Мамлакатда фуқаролик уруши 2011 йилдан буён давом этиб келмоқда, ўшанда НАТО амалиёти натижасида 42 йил мобайнида ҳукмронлик қилган Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан ағдарилиб, ўлдирилганди.

Икки фронт чизиғида ҳам истеъфо

Собиқ архитектор Саррож мамлакатни ўзи бирлаштира олмади ва Туркия билан иттифоқ тузди

Чоршанба куни Саррож телемурожаат орқали октябрь ойи охиригача бош вазирлик лавозимини тарк этиши ҳақида маълум қилди. Ўз нутқида у Женевада БМТ ҳомийлигида ўтказилаётган тинчлик музокараларини тилга олиб ўтган. Бу музокаралар якунига кўра мамлакатни бирлаштириш ва янги сайловлар ўтказиш бўйича келишувга эришилиши кўзда тутилган.

Асли архитектор бўлган Саррож ҳукуматни 2015 йилдан буён бошқариб келади, у ҳукуматни дастлаб хориждан туриб бошқарган, мамлакатга фақат 2016 йилда киришга муваффақ бўлган.

Унинг истеъфоси ҳақидаги хабарлар ортидан Триполида ички кураш бошланиб кетган - июнь ойида армия Туркия ҳарбийлари ва қуроллари ёрдамида Ҳафтар армиясини чекинтиргач ҳокимиятни эгаллаш масаласи биринчи ўринга чиқди.