Ўзбекистон | 07:52 / 21.09.2020
4807
2 дақиқада ўқилади

Чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилди - ХТВ

Жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошлаб мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар узатила бошланди, деб ёзмоқда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасида ҳар куни 100 дан ортиқ (30-35 соат) дарслар тасвирга олинмоқда. Мазкур дарсларда имкон қадар хатолик ўтмаслигига ҳаракат қилинмоқда.

Бироқ, 16 сентябрь куни эфирга узатилган чет тили фани видеодарсида айрим хатоликларга йўл қўйилган. 

«Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилди, дарс муҳаррири алмаштирилди ҳамда дарсларда тажрибали ўқитувчилар жамоасини янада кенгайтириш мақсадида маҳоратли педагоглар учун танлов эълон қилинди.

Кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фаолларидан «Онлайн-мактаб» лойиҳасида иштирок этаётган ўқитувчиларни камситмасликни сўрамоқчимиз. Ҳар биримиз хатоликка йўл қўйишимиз мумкин, иш бор жойда хатоликлар ҳам учраб туради. Лекин, бу хатоликларнинг олдини олиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Умид қиламизки, бу вазият барчани ўз вазифаларини бажаришда эътиборлироқ бўлишга ва ишга профессионал ёндашишга ундайди», - дейилади маълумотда.

Вазирлик, ҳозирги шароитда ўз соғлиғини хавф остига қўйиб ҳам анъанавий, ҳам масофавий шаклда фаолият олиб бораётган ҳамда видеодарсларни тасвирга олиш жараёнларига жалб қилинган ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирган.

Мавзуга оид