Жаҳон | 09:28 / 21.09.2020
10452
2 дақиқада ўқилади

Эронда коронавируснинг учинчи тўлқини бошлангани эълон қилинди

Эроннинг Теҳрон вилоятида коронавирус тарқалишининг учинчи тўлқини бошланди. Бу ҳақда вилоятнинг коронавирусга қарши курашиш штаби бошлиғи Алиризо Золий маълум қилди. 

“Охирги кунлар статистикаси Теҳронда учинчи тўлқин бошланганини кўрсатмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Золий. Унинг айтишича, “иккинчи ва учинчи тўлқин орасидаги давр кичик бўлган”. Эронда иккинчи тўлқиннинг бошлангани 15 июлда эълон қилинган эди.

Золийнинг таъкидлашича, коронавирус тарқалиши билан боғлиқ статистик маълумотларнинг ўсиши кузатилмоқда, бу эса инфекция тарқалишининг учинчи тўлқинига тўғри келмоқда. “Биз штаб номидан соғлиқни сақлаш вазирига вирус тарқалишига қарши чекловлар қайтарилишини сўраб мактуб йўлладик. Бу айниқса масофадан ишлашнинг қайтарилишига тааллуқли”, деб қўшимча қилган Золий.

Охирги кунларда Эронда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиши кузатилмоқда. Ёз охирида кўрсаткичларнинг пасайиши кузатилган эди. 31 августда эса касалланиш ҳолатлари кунлик ўсиши минимум қийматгача (1642 та касалланиш ҳолати) тушган. Бироқ шундан кейин касалланганлар сони яна ўса бошлаган ва охирги 3 кун ичида 2 марта 3 мингдан ошди.

Айни вақтда мамлакатда касалланганлар сони 422 мингдан ошиб кетди, инфекциядан вафот этганлар сони 24,3 мингни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид