Жаҳон | 22:27 / 22.09.2020
14550
4 дақиқада ўқилади

Россияда энг узоқ ишлаган губернатор истеъфога чиқди. У Елцин давридан буён раҳбарлик қилаётганди

Фото: РИА "Новости"

Россиянинг Белгород вилояти губернатори Евгений Савченко истеъфога чиқарилди. Унинг ваколати муддатидан олдин бекор қилингани ҳақида Кремль расмий сайтида хабар берилди.

Маълум бўлишича, Савченко Белгород вилоятидан сенатор бўлгани муносабати билан ишдан кетган. Бугун 70 ёшли Савченко ҳудудий Федерация Кенгаши аъзоси сифатида рўйхатга олинган.

«Савченкога икки йил аввал сайловда қатнашиш имконини бериб, айнан икки йил ишлагач ўрнини бўшатиш шартини қўйишганди. 70 ёшгача ишлади, энди Федерация Кенгашига ўтса керак. Ҳурмат билан кетказиш бундан ортиқ бўлмайди», деган ВВС'га исмини ошкор қилишни хоҳламаган собиқ Кремль администрацияси мулозими.

27 йиллик губернатор

Евгений Савченко 1993 йилда Белгород вилояти раҳбари бўлган. Ўшанда у Россия биринчи президенти Борис Елцин томонидан вилоят раҳбари сифатида тайинланганди. Ундан олдинги раҳбар Виктор Берестов «президентнинг топшириқларини сурункасига бажармай келгани учун» ишдан олинган.

Савченко Белгород губернаторлиги учун сайловларда уч марта номзодини қўйиб, ғолиб бўлган. 2004 йилда эса сайловлар бекор бўлгач, 2007 йил уни ҳудудий Дума раҳбарлигига шахсан Владимир Путин тавсия қилган. 2012 йилда губернаторлик учун сайловлар тикланиб, Савченко яна икки марта ўз номзодини қўйиб, ғолиб бўлди.

Савченко Россиядаги ҳудудий раҳбарлар орасида энг узоқ вақт ишлаш бўйича рекордчи ҳисобланади. У 26 йил-у 11 ой Белгородни бошқариб, бу борада яққол рекордчига айланди. У Борис Елцин давридан буён ишлаб келаётган Россиядаги ягона ҳудудий раҳбар эди. Унинг истеъфоси ҳақида 2017 йилда ҳам гапирилган, лекин юқорида айтилганидек «мукофот сифатида» унга икки йил муддат берилган.

Фото: РИА "Новости"

Сўкиниш учун жарима жорий қилган

Евгений Савченко ғалати ва консерватив ғоялари билан ёдда қолган. Масалан, Белгородда 2005 йилдан жамоат жойларида сўкинганлар жаримага тортилади. 2010 йил ҳудудда маънавий хавфсизлик концепцияси ишлаб чиқилган. Россияда бундай концепция фақат Белгородда мавжуд. Унга кўра, ҳудудда «авлиё Валентин куни» (севишганлар куни) ва Ҳэллоуинни нишонлаш мумкин эмас. Чунки улар «рус маданиятига зид» деб топилган. 14 февраль куни бутун Россияда севишганлар бир-бирига совғалар улашаётганда Белгородда бу иш тақиқланган.

Бундан ташқари, Белгородда ҳар хил рок ва рэп концертлар ўтказиш ҳам мумкин эмас. Ҳудуддаги театрларда баъзи драматургларнинг асарларини қўйиш ҳам тақиқланган. Сабаб битта – «маънавий хавфсизлик». 2012 йилдан Белгородда фохишаларнинг «мижозлари» ҳам жаримага тортила бошланган. Савченконинг шахсий ташаббуси билан Белгородда «Тунги шаҳар» ҳаракати ташкил этилган. Унинг доирасида ҳуқуқ тартибот органлари тунги ҳаётни назорат қилишади.

Савченконинг шов-шувли ташаббусларидан бири Белгородда абортни қисқартириш бўйича ҳаракатлар бўлган. Вилоятда ҳар хил асосга кўра ҳомиладорликни тўхтатмоқчи бўлган аёллар турли сабаблар билан рад жавобини олишлари янгилик эмас.

Кейинги губернатор ким бўлади?

Губернаторнинг биринчи ўринбосари бўлган Денис Буцаев вилоят раҳбари бўлиши кутилмоқда. Рус ОАВсига кўра, Буцаев 2021 йилги сайловларгача Белгород вилоятини вақтинча бошқариб туради. Буцаев 43 ёшда ва у ўз вақтида Москва вилоятида губернатор маслаҳатчиси бўлган. Подмосковьеда инвестиция вазири бўлиб ишлаган.

ВВС'га бу борада фикрларини билдирган сиёсатшунос Дмитрий Фетисов шундай дуйди: «Белгород бошқарувида маҳаллий элитанинг роли катта. Агар Савченокнинг ўрнига келадиган одам ноодатий бошқарув йўлини танласа, маҳаллий элита билан конфликтдан қочолмайди».

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид