NASA Ойга биринчи бўлиб аёл фазогирни жўнатмоқчи
АҚШнинг NASA коинот агентлиги Artemis фазовий дастури тафсилотлари билан бўлишди. Унга кўра, агентлик 2024 йилда Ойга дастлаб аёл астронавтни, сўнгра эркак астронавтни жўнатмоқчи.
NASA ушбу дастурни амалга ошириш учун Space Launch System (SLS) ракетасини ва Orion кемасини қўлламоқчи. Artemis дастури уч босқичдан ташкил топади: дастлаб 2021 йилда SLS’нинг фазога астронавтларсиз синов парвози, сўнгра 2023 йилда фазогирлар билан бирга Ой атрофида парвози амалга оширилади. 3-босқич доирасида 2024 йилда Ойга дастлаб аёл фазогирнинг, сўнгра эркак фазогирнинг чиқарилиши кўзда тутилган.
Олимларнинг таъкидлашича, астронавтлар бир ҳафта давомида Ойда турли намуналар йиғишади ва бир қатор илмий тажрибалар ўтказишади. Сўнгра улар Ой орбитасига қайтиб, Ерга Orion кемаси ёрдамида қайтишади.
Бутун дастур давомида роботлар ва астронавтлар Ойда сув каби захираларни қидириш билан шуғулланишади. Бундай захиралар кейинчалик бошқа фойдали захираларга, мисол учун кислород ва ёнилғига айлантирилиши мумкин. Астронавтлар янги илғор технологиялар эвазига Ойда катта масофаларга сайр қилишлари ва катта ҳудудларни тадқиқ қилишлари мумкин бўлади.