Ўзбекистон | 17:37 / 01.10.2020
7034
3 дақиқада ўқилади

Матбуотга қарши курашиш эмас, у билан ишлаш керак – Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов яна бир бор ОАВ вакилларига босим ўтказишга уриниш ҳолатларини қоралаб чиқди.

«Матбуот соҳасида қабул қилинган ҳар қандай қонун журналист ва блогерларни  ҳуқуқий томондан янада чиниқтиради. Бу касб эгаларига жазо қанчалик оғир бўлса, шунчалик хато қилмасликка ҳаракат қилади, ўз устида ишлайди.

Ижодкор халқи доим шундай бўлган. Чўлпон ва Абдулла Қодирийлар яшаган даврларда ижодкорларга ўлим жазоси билан ҳам таҳдид қилинган. Бу билан улар ижодни тўхтатиб қўйганми? Йўқ! Улар яширинча ижод қилаверишган. Ҳозир ҳам худди шундай.

Жазо ҳар қанча оғирлашса ҳам журналист ёки блогер барибир ёзишни тўхтатмайди. У анонимга айланади ёки қонунларни бузмаган ҳолда мустаҳкам асосланган ҳақиқатни ёзишда давом этади.

Ёзаверади, ёзаверади, қонунни бузмаган ҳолда ёзаверади. Бу соҳа вакиллари анча зийрак, зукко ва ватанпарвар. Ўз жонини гаровга қўйиб бўлса-да, ёзаверадиган ҳамкасбларимиз бор. 

Кеча Президентимиз айтганларидек, ҳурматли мутасаддилар матбуот билан ишлашни ўрганмас экан, фақат ўзига зарар бўлаверади. Матбуот билан курашиш эмас, улар билан ишлаш керак. Хоҳлаган ишни қиладиган давр ўтди.

Ахборотни яшириб бўлмаслигини тушунадиган пайт аллақачон келган. Ҳозир ҳар бир смартфон эгаси блогерга айланиши мумкин. Белгиланган қонунларга асосланиб ҳам.

Биз кучли фуқаролик жамияти барпо этяпмиз. Жуда катта ғилдирак жойидан қўзғалган. Энди чиндан ҳам орқага йўл йўқ. Замон талаби ҳам фақат шу! Адолатпарвар ижодкорларни яратган устозларга таъзим. Байрамингиз муборак!», деган Алламжонов телеграмдаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни ўқитувчилар байрами муносабати билан ўтказилган тадбирда мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтганди.

«Ўзбекистон ҳозирги кунда очиқ, энди уни аввалгидай ёпиб қўйишнинг иложи йўқ. Энди чегараларни ёпмаймиз, энди интернет узлуксиз ишлайди. ОАВ ходимларига яна бир бор миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди. Катта синовлардан ўтяпмиз, баъзилар ОАВ нинг саволларига, ОАВ муҳитини яратишга чидай олмаяпти, адолат овозини эшитишни хоҳламаяпти. Лекин эшитишга мажбур бўлади ёки хайрлашамиз», деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг ноябрида ҳам «баъзи раҳбарлар халқ ва матбуот билан мулоқот қилишда мулоқот маданиятини унутиб қўйишини» таъкидлаган эди.

Мавзуга оид