«Акамдан бошлаймиз. Уни эсламай туриб, менинг ҳикоям тўлиқ бўлмайди. У - менинг акам, ундан ҳам бадтари, «Барселона» фанати. Агар қарши бўлмасангиз, у ҳақида қизиқроқ нарса айтиб беришим керак.

Бирга улғайиш жуда ажойиб эди. Акам мендан беш ёш катта, ҳар доим бир хонада яшаганмиз. Ёш бола эканингда, ҳаммаси зўр, тўғрими? Муаммолар кейинроқ, улғаяётганингда пайдо бўлади. 15-16 ёшларда у ўртоқларини уйга чақирар, мен эса, ҳамма укалар қиладиган ишни аъло баҳога бажарардим – жиғига тегардим.

«Бруну, илтимос, кўчага чиқиб ўйнагин», – дерди у доим.

Хуллас, у ва меҳмон бўлиб келадиган ўртоқлари баҳона, кўп вақтим кўчада, тўпнинг орқасидан югуриб, ўтарди. Бошқа мамлакатларда қандай билмадим, Португалияда, айниқса, Евро-2004 даврида, буюк футболчилар авлоди етишганида ҳар бир инсон футболга қизиқарди, одамлар футбол билан яшашарди. 

Роналдиньо ўз фаолиятининг чўққисига чиққан, Месси ва Роналду энди порлаб келаётган ёш футболчилар эди. Қаерга қарамай, уларнинг қайси бири зўрлиги ҳақида баҳслар қизир, мен ҳам акам билан фақат шу мавзуда тортишардик. Мен доим Криштиануни танлаганман. Акам эса Мессини дерди.

Бир куни, Рождество байрамида дадамнинг олдига бордик. У Швейцарияда ишлар эди. У пайтларда интернет ҳозиргидек ривожланмаган, исталган кийимни уйда ўтириб сотиб олиш қийин эди. Португалияда айниқса Англия Премьер Лигаси жамоаси либосини топиш янада мушкул, бўлса ҳам, ниҳоятда қиммат. Швейцарияда дадам бизни Nike магазинига олиб кирди ва исталган жамоа либосини танлашимизга рухсат берди. Табиийки, акам «Барселона»нинг сариқ рангли либосини олди. Мен эса... Мен эса, ҳозир ҳам айтишим мумкин, дидим ўша пайтда ҳам чакки бўлмаган – «Манчестер Юнайтед»ни танладим.

Ўша формани ҳалигача эслайман – оқ ҳошияси бор, кўк либос, баъзи ерларида қизил йўллари бор. Криштиану туфайли Англиядаги орзулар жамоаси мен учун «Манчестер Юнайтед» бўлган.

«Бруну, футбол эришиладиган орзу эмас, сен ўқишга ҳаракат қилишинг керак», – дейишарди ўқитувчилар. Мен эса, ўйлардим – «окей, раҳмат, демак, янада кўпроқ футбол билан шуғулланаман».

Ўйлайманки, агар бир орзуинг бўлса, у билан имкон қадар кўпроқ мубтало бўлишинг зарур. Ва ижодий фикрлашинг ҳам керак. Болаликда ҳар ерда ҳам футбол майдонини ҳосил қила олардик. Ёғочлардан дарвоза устунларини қурар, ўт ўсмаган тупроқли ерларда ҳам ўйнаб кетаверардик. Бундай майдонлардаги ўйинлар жуда асабий ўтарди. Кўпинча уришиб кетардик.

Қайсидир маънода, ўша даврлар менинг яқинда Виктор Линделёф билан бўлиб ўтган тортишувимизни ифодалайди. Европа Лигаси яримфиналида биз бироз тортишиб қолдик, табиийки, бу ҳолат ОАВ эътиборидан четда қолмади, пашшадан фил ясашди. Аслида эса, бу ҳолат менинг болаликдаги оддий футбол ўйинларидаги воқеалардан фарқ қилмасди. Португалияда ҳамма шундай футбол ўйнайди. Португалияда одамлар бир-бири билан шундай гаплашишади. Агар сен ниманидир нотўғри қилсанг, мен дарҳол айтаман, норозилигимни ифода қиламан. Мен учун футбол ҳозир, шу тобда бўлиб ўтаётган жараён. Лекин буларнинг ҳаммаси майдондан ташқарига чиқмайди. Эртасига биз яна дўстлармиз, қўлимизни сиқамиз ва йўлимизда давом этамиз.