Ўзбекистон | 22:05 / 05.10.2020
42910
1 дақиқада ўқилади

Россия авиакомпанияларига Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширишга рухсат берилди

Росавиация вакилининг таъкидлашича, бу авиақатновлар тикланганини англатмайди.

Фото: KUN.UZ

Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширишга рухсат олди. Бу ҳақда Росавиациянинг тегишли буйруғи эълон қилинди.

Рўйхатдан қатновлар ҳозирча тикланмаган мамлакатлар ҳам ўрин олган.

Маълум қилинишича, авиакомпаниялар очиқ мамлакатлар: Беларусь, Буюк Британия, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Мальдив ороллари, БАА, Туркия ва Танзанияга парвозлар учун рухсат олди. Парвозга рухсат берилган ёпиқ мамлакатлар эса Арманистон, Германия, Греция, Исроил, Испания, Италия, Кипр, Хитой, Мальта, Нидерландия, Озарбойжон, Саудия Арабистони, Туркманистон, Чехия, Ўзбекистон.

Росавиация вакилининг таъкидлашича, ушбу ҳужжат авиақатновлар тикланганини англатмайди.

"Рухсат – бу авиакомпаниянинг парвозларни тиклашда фойдалана олиши мумкин бўлган ҳуқуқи", — деди у.

Россия март охирларида бошқа мамлакатлар билан мунтазам ва чартер авиақатновларни тўхтатганди. Кейинроқ чекловлар босқичма-босқич олина бошланди.

Аввалроқ, Uzbekistan Airways авиакомпанияси Истанбул, Бишкек ва Дубайга парвозлар сонини ошираётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид