Ўзбекистон | 17:17 / 05.10.2020
7610
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қарорда айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасига соғлиқни сақлаш вазирининг:

·        тиббий ёрдамни ташкиллаштиришга;

·        ихтисослашган тиббий хизмат ва янги технологияларни жорий этишга;

·        оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатликни таъминлашга;

·        стратегик ва рақамли тиббиётни ривожлантиришга;

·        молия, инвестиция ва моддий таъминотга масъул ўринбосар лавозимлари киритилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Ҳужжат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси, марказий аппаратининг тузилмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмаси, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари намунавий тузилмалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмаси тасдиқланди.

Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 139 нафар, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари ходимларининг чекланган сони — 423 нафар этиб белгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирига Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий органлари тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Мавзуга оид