Ўзбекистон | 20:15 / 05.10.2020
13336
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways истеъмолчиларга авиачипта пулини қайтариб бермаётгани танқид қилинди

Бугун, 5 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси иштирокида «Рақобат тўғрисида»ги қонун ижроси муҳокама қилинди. Тадбирда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов пандемия даврида мижозларга авиачипталар пули қайтарилмаслиги қонунга зид эканлигини айтиб ўтди.

«Одатда истеъмолчилар томонидан авиачипталар анча эрта харид қилинади. Чунки чиптани парвоздан олдин қанча эрта сотиб олсангиз, шунча арзон бўлади. Асосан, туризм мақсадида 6 ой олдин сотиб олинган чипталар жуда кўп ва уларнинг пулини қайтариш жуда долзарб масалага айланди. Март ойидан авиаташувлар бекор қилинди. Фуқаролар чипта пулини қайтариб олиш учун аэропортга мурожаат қилишса, ваучер тизими қўлланиши, яъни чиптанинг маълум фоизи тўланиши, лекин ҳаммаси бирданига тўлаб берилмаслиги айтилмоқда.

Ваучер тизими Европа мамлакатларида ҳам қўлланди. Авиакомпаниялар чипта пулини вақтида қайтармаса, улар жавобгарликка тортилди. Россияда авиакомпаниялар ваучер тизимига ўтиш бўйича ҳукуматга таклиф билан чиқди. Бу ҳукумат томонидан кўриб чиқилиб, чипта пули қай тартибда ва муддатда тўлаб берилиши бўйича меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди.

Бизда бу ҳолат бир томонлама бўлиб қоляпти. Монополист компания -  Uzbekistan Airways АЖ мурожаат қилган мижозга ваучер қилиб берамиз, деб жавоб беряпти. Бундай жавоб беришга уларда қонуний асос йўқ. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги қонунлардан келиб чиқиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолда, Uzbekistan Airways’га нисбатан иш қўзғатиб, кўрсатма беришимиз керак. Бу ишларни ҳозир амалга оширяпмиз.

Бу масалани ҳукумат даражасига кўтариш керак. Агар Uzbekistan Airways пулларни мижозларга қайтариб берадиган бўлса ва бундан молиявий зарар кўришини билса, буни аниқ таҳлиллар, ҳисоб-китоблар билан исботлаб берсин ва бу ҳаракатларни ҳукумат даражасида амалга оширсин. Бундай бўлмаса, компания истеъмолчиларга пулини дарҳол қайтарсин», деди Шарипов.

Мавзуга оид