Ўзбекистон | 08:07 / 07.10.2020
8660
3 дақиқада ўқилади

Йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартиби жорий этилиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада Вазирлар Маҳкамасининг Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини  мажбурий суғурта қилиш қоидаларнинг 2-бандида Йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома тушунчасига таъриф берилмоқда. Қоидаларнинг 11, 34, 34-1 37 ва 38-бандлари йўл-транспорт ҳодисани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходими иштирокисиз расмийлаштиришга оид қоидалар билан тўлдирилмоқда.

Хабарнома бланкасини тузиш орқали йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими иштирокисиз расмийлаштириш тартибини белгилаш мақсадида Қоидалар 5-1 боб билан тўлдирилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришнома бланкаси намунаси қоидаларга 7-илова бўлиб киритилмоқда.

Тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз билдиришнома тузиш орқали расмийлаштириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

а)  агар йўл-транспорт ҳодисаси иккита транспорт тўқнашуви натижасида содир бўлса (шу қатори тиркамали транспорт воситалари), шунингдек транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик мажбуриятлари мазкур қонунга асосан суғурталанган бўлса;

б) йўл-транспорт ҳодисаси натижасида транспорт воситаси шикастланиши билан боғлиқ шароитлар, шикастланиш таърифи ва рўйхати йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари ўртасида келишмовчиликларни (низоларни) келтириб чиқармаса ва бу шароитлар йўл-транспорт ҳодисасига дахлдор транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўлдирилган билдиришномада мажбурий суғурталаш қоидаларига асосан акс эттирилса.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган бўлса, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳужжатлар умумий тартибда кўриб чиқилади ва бу ҳолатда билдиришнома тўлдирилмайди.

Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги билдиришномани (Европротокол) амалиётга жорий этилиши муносабати билан биринчи навбатда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги бевосита мулоқотни амалга оширишда “инсон омили”га ва ортиқча қоғозбозликка чек қўйилади ва фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчиликлар олди олинади. 

Таъкидланишича, ҳар бир содир этилган йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш учун йўл-патруль хизмати инспекторларининг ўртача 2-3 соат вақтини тежалиши орқали тан жароҳати билан боғлиқ ЙТҲлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш сифат даражасини ошириш, шунингдек, автомобиль йўллардаги тирбандликларнинг олдини олишда самара беради.

Мавзуга оид