Ёлғон статистика ва жамғарма маблағи. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув бошлайди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан Самарқанд вилоятида текширув бошлайди. Шунингдек, агентлик директори коронавирус беморларига оид статистикани танқид қилди.
6 октябрь куни агентлик фаолияти юзасидан жамоатчиликка ахборот бериш мақсадида ташкил этилган матбуот анжуманида ташкилот директори Акмал Бурхонов Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари сарфланиши масаласи энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётганини билдирди.
«Биз бир ойча олдин агентлик буни ҳам ўз назоратига олишини эълон қилдик. Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигидан доимий равишда маълумотларни олиб турибмиз ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни уларга етказяпмиз. Ҳозиргача 50-60га яқин ҳолат аниқланган ва улардан кўпроғи соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли. Шу туфайли текшириш объекти сифатида энг кўп мурожаат келиб тушаётган ҳудуд Самарқанд вилоятини танлаб олдик ва ишчи гуруҳ ўз ишини бошлади», — дейди у.
Дастлабки маълумотларга кўра, Самарқандда 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 3 миллиард 450 миллион 60 минг сўмлик молиявий хатоликлар аниқланди. Улардан 3 миллиард 303 миллион 986 минг сўми ноқонуний харажатлар ҳисобланади. Молия вазирлиги инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан Самарқанд вилоятида шакллантирилган тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларини бир марталик моддий рағбатлантириш учун ажратилган 486 миллион сўм нотўғри тўланган.
«Мисол учун гинекологни умуман коронавирус билан алоқаси йўқ, лекин уларга ҳам 25 миллиондан пул берилган. Бу каби ҳолатлар ҳамма вилоятда бор. Коронавируснинг статистикаси нотўғри эканлигини ҳамма айтмоқда. Бунга мисол сифатида қуйидагини кўриб чиқиш мумкин. Масалан, 5 октябрь 23:30 ҳолатига кўра Самарқандда вирусга чалинганлар 2160 ва 2012 нафари соғайган. Бугунги кунда 143 киши бемор дегани. Аммо биздаги маълумотга кўра, ҳозирда Самарқандда даволанаётганлар сони 1155 нафарни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари қариндош-уруғчилик алоқаларини ҳам аниқламоқчимиз. Бу қариндош-уруғларини ишга олганлик масаласи . Энг муҳими бу дори-дармон хариди масаласи, чунки бизга жуда кўп мурожаатлар келган тендерда ютганлар қолиб ўзларининг ташкилотларига бериб юборганлик ҳолати бўйича», — дейди у.
Агентлик 7 октябрда тарқатган хабарга кўра, Акмал Бурхонов томонидан билдирилган ушбу фикр COVID-19 билан даволанаётган беморларнинг муқобил статистикаси деб талқин қилинишига асос бўлмайди.
«Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида бугунги кун ҳолатига 136 нафар бемор COVID-19, қолган беморлар эса ОРВИ, пневмония ва бошқа касаллик белгилари билан даволанмоқда.Шу муносабат билан, тақдим этилган маълумотлар Агентлик томонидан қўшимча ўрганишлар якунлангандан сўнг расмий баёнот сифатида жамоатчиликка етказилади», — дейилади хабарда.
Матбуот анжуманида Ўзбекистонда давлат хизматчилари 2021 йилдан бошлаб мол-мулк ва даромадлари тўғрисида декларация топшириши мажбурий бўлиши ҳам эълон қилинди. Агентлик директори анжуманда Паркентдаги давлат хариди ҳамда «Сардоба фоижаси»га ҳам тўхталиб ўтди.
Мавзуга оид
18:39 / 20.11.2024
2024 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга газ экспорти 5 баробар ошди
13:58 / 31.10.2024
Ўзбекистонда кўпроқ қайси давлат фуқаролари таҳсил олаётгани маълум қилинди
10:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ 10 давлатлар маълум қилинди
08:10 / 29.10.2024