Ўзбекистон | 20:19 / 08.10.2020
13325
6 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат ваколатларини маҳаллий ҳокимиятга топширмаса, марказлаштириш сиёсатидан кета олмаймиз». Бобур Бекмуродов билан суҳбат

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов машиналар ҳаракатланиш тезлиги, пандемияда мактаблар очилиши ва «Юксалиш» ҳаракати юзасидан турли саволларга жавоб берди. У Kun.uz’нинг «Эркин суҳбат» кўрсатуви навбатдаги меҳмони бўлди.

— «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Расмий сайтда бу ҳақда кўп маълумот берилган, лекин шуни раис ўзидан эшитсак, шуларни соддароқ тушунтириб беринг.

— Ҳаракатнинг асосий вазифаси Ўзбекистондаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларга жамоатчиликни жалб қилишдан иборат ва бу бир неча босқичларда амалга оширилади.

Биринчидан, мулоқотни ривожлантириш яъни давлат томонидан амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни жамоатчиликка оддий-содда тилда етказишдир. Шу билан бирга аҳолини ташвишлантираётган масалалар ҳақида ҳукумат ва парламентни хабардор қилиш. Чунки қарор қабул қилаётганда жойлардаги фуқароларни ташвишлантираётган реал вазиятларни ҳисобга олиш керак. Иккинчиси — фуқароларни муҳим сиёсий жараёнларга жалб қилиб бориш. Бунинг учун биз жамоатчилик кенгашларини ривожлантирмоқдамиз, чунки уларнинг асосий вазифаси халқ ва давлат ўртасида кўприк бўлиш ҳисобланади. Учинчиси — маниторинг қилиш, яъни биз давлат дастурлари ва ислоҳотларнинг маниторингини олиб борамиз. Вазирлар Маҳкамаси ҳам бу иш билан шуғулланади, лекин биз улардан фарқ қиламиз. Бу фарқ биздаги ҳисоботлар нисбатан шаффоф кўринишда касб этиши билан ўз аксини топади. Шунингдек, бирон-бир давлат идораси бир ҳужжатни қабул қилса ёки бирон соҳани ривожлантириш учун йўл харитаси қабул қилинса, биз давлат дастуридаги ишнинг моҳияти реал ҳаётда ўз аксини топдими, йўқми шуни аниқлаймиз. Шу билан бирга биз ҳам ҳисоботлар бериб борамиз.

Ушбу ҳисоботлар ва маълумотлар қанчалик даражада жамоатчиликка очиқ. Ҳисоботлар Вазирлар Маҳкамаси — ҳукуматга киргизилар экан жамоатчиликка ҳам эълон қилинадими?

— Албатта, биз ҳисоботларни турли кўринишларда эълон қилиб борамиз. Аввало ўз веб-сайтимизда бу маълумотларни бериб борамиз ва баъзи вақтларда бу ахборотлар жамоатчилик орасида резонанс уйғотади. Бошқа ҳолларда биз жамоатчилик муҳокамаларини ўтказамиз, яъни давлат идораси вакиллари, жамоатчилик вакилларини бир стол атрофига чақириб, ечим йўллари ёки муаммонинг мазмунини муҳокама қиламиз. Маълумки, ҳукумат доимий тарзда давлат дастури ижроси бўйича парламентда ҳисобот бериб боради ва ўша вазиятда натижаларни очиқ муҳокама қилишга имкон бўлади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов

«Юксалиш» сайтида экспертларнинг муносабат ва фикрлари ҳам бевосита бериб борилади. Куни-кеча мутахассислардан бири йўл-транспорт ҳодисаси сонини камайтириш учун автомобиль тезлигини камайтириш ижобий натижа беради деган фикр билдирди. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

— Йўл ҳаракати ходисалари ҳақида гапирар эканмиз, аввало, статистикага кўра, кунига тўрт нафар фуқаромиз йўл ҳаракати ҳодисаси туфайли вафот этишини айтиб ўтишимиз керак. Биз Тошкент шаҳри ва вилоят ҳудудлари марказларида тезликни камайтириш ҳақида ўйлаябмиз. Тўғри балки бу жамоат транспорти ривожланмаган ҳудудларда тирбандликни ҳосил қилар, лекин биз ҳамма жойда эмас, айнан статистикага кўра қайси кўча ёки ҳудудда йўл-транспорт ҳодисаси кўпроқ бўлаётган бўлса, ўша жойда тезликни камайтирмоқчимиз. Албатта биз ушбу ҳудудларда тезликни чеклаётганимизда буни тирбандликка таъсирини, қолаверса йўл инфратузилмасини ҳам ҳисобга оламиз. Тезликни камайтириш салбий таъсир кўрсатмайдиган ва ёритиш тизимлари яхши бўлган кўчалар орасида ЙТҲ кўпроқ учрайдиганларида тезликни камайтириш яхши самара кўрсатади деб ўйлайман.

— Яна бир кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган саволлардан бири бу мактаблар қайта очилиш керакми ёки йўқми деган савол бўлмоқда. Бу саволга жавоб топилдими?

— Ҳозирги пандемия шароитида шошиб қарорлар қабул қилиб бўлмайди ва қарорлар жойлардаги вазиятга мослашувчан бўлиши керак. Юқоридаги саволга айни вақтда аниқ жавоб бериш қийин. Мактаблар эпидемиологик вазиятга кўра очилиши ёки яна қайта ёпилиши мумкин. Бизнинг вазифамиз эса болаларни таълимсиз қолиб кетишларига йўл қўймаслик ва таълим сифатини ушлаб туриш ҳисобланади. Онлайн дарслар мисолида кўрмоқдамизки жуда ҳам кўп хатолар мавжуд ва буни оқлаб бўлмайди. Бу борада таълим сифатини текширувчилар янада яхшироқ ишлаши ва таълим сифатини яхши ушлаб туришимиз керак.

Сизнингча маҳаллий депутатлар кенгашлари мана шу масала юзасидан мустақил, таъсирчан ва сиёсий кучга эга бўлган қарор қабул қила оладими?

— Бир нарсани аниқ айтишимиз керакки, юқоридаги вазифа, яъни эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, таълим ҳақида қарорлар чиқариш ҳокимнинг вазифасига киради. Лекин бу вазифа шаҳар, вилоят ва туман кенгашлари депутатларига ҳам берилмоқда. Туман депутатлари ҳам чиндан бориб ҳудудлардаги вазиятларни ўрганишмоқда.

— Сизнингча шу йўл билан ҳукумат ўзидан масъулиятни соқит қилмаябдими?

— Менинг фикримча ҳукумат қачондир бу вазифаларни ваколатли органларга бериши керак эди. Яъни марказлашган тартибда қарор қабул қилишдан кечишимиз лозим. Агар биз ҳозирги қийин пайтларда уларга ушбу ваколатларни бермасак бизга вақт ўтиши билан номарказлаштириш қийин бўлади.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов.

Мавзуга оид