12:53 / 10.10.2020
52833

«Учувчи масъулиятли бўлиши, касбини севиши керак» — 17 йил Ислом Каримовнинг учувчиси бўлган Эркин Гулямов билан суҳбат

Бугунги суҳбатдошимиз – 43 йил давомида минглаб инсонларни самолётда ўз манзилларига соғ-омон элтиб қўйган, 17 йил давомида марҳум Ислом Каримовнинг учувчиси бўлган Эркин Гулямов. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган авиация ходими суҳбатимиз давомида учувчилик касби, унинг машаққатлари, марҳум президент билан бўлган қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

Эркин Гулямов ҳозирда Тошкент давлат транспорт университетида ўқувчиларга дарс бериб келмоқда.

Шу ўринда соҳага оид бир янгиликни айтиб ўтмоқчимиз. Тошкент давлат транспорт университети Европада авиация соҳасидаги энг йирик ўқув юрти ҳисобланган Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби (ENAC – École nationale de lʼaviation civile) билан меморандум имзолади.

Ушбу ҳамкорлик юртимизга авиация техникасидан фойдаланиш соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш ҳамда учувчилар тайёрлашни қайта тиклаш имкониятини беради. Натижада келгусида Тошкент давлат транспорт университети Марказий Осиё давлатларига учувчи ва авиация соҳасида мутахассислар етказиб берувчи ягона таълим муассасасига айланади.

Учувчилар сулоласи

– Тошкентда туғилганман. Шу ердаги 119-мактабни аъло баҳоларга битирганман. 1973 йилда Россиядаги авиация билим юртига ўқишга кирганман.

Оиламизда мендан олдингилар ҳам, ҳозир ҳам кўпчилик авиация соҳасида фаолият олиб боришмоқда.

«Боинг-757 самолётини Техасда синовдан ўтказдим»

– Биринчи президентимиз Ислом Каримов учун сотиб олинган Боинг-757 русумли самолётни АҚШнинг Техас штатида синовдан ўтказганман.

Мустақилликдан сўнг ғарб самолётларига бўлган эътибор кучайди. Бунинг сабаби – бу самолётлар тежамкор, замонавий технологиялар билан жиҳозланган, бошқаруви жуда осон ҳамда хавфсиздир. Ғарб самолётларини бошқаришни ўрганишимиз учун бизни Германиянинг Франкфурт ва Берлин шаҳарларида ўқув-машғулотларига юборишди.

1994 йилдан секин-секин ўз учувчиларимизни ўзимиз ўқита бошладик.

«Путиннинг самолёти қўна олмаган вазиятда биз самолётимизни қўндирганмиз»

– Ўзбекистон авиацияси СССР даврида ҳам Москвадан кейинги ўринни олган. Минск шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг йиғилишлари ўтказилар эди. Шундай йиғилишларнинг бирида ҳаво туман бўлгани боис Россия президентининг самолёти аэропортга қўнолмаган эди. Лекин биз буни уддаладик. Шундан сўнг кўпчилик Ислом Абдуғаниевичга Путиннинг учувчилари эплолмаган нарсани сизнинг болаларингиз эплашди, деб айтишган.

Туманда қўниш учун самолёт техник жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Бундан ташқари, экипаж аъзоларининг гувоҳномасида туманда қўнишга рухсатномаси бўлиши керак.

Мураккаб қўнишдан кейинги эътироф

– Япониядан қайтаётганимизда Тошкентда камёб саналувчи об-ҳавога дуч келдик. Момақалдироқ ва шамол кучли эди. Ўша вазиятда самолётни қўндиришга муваффақ бўлганимизда марҳум президентимиз ёнимизга келиб қўл бериб: «Қийин бўлди-а, болалар», деб айтганди.

Бу соҳада ишлаган инсон ўз касбини севиши керак. Қолаверса масъулиятни ҳис қила олиши керак. Сабаби, биринчидан, бу аппаратлар жуда қиммат, инсонларни ҳаёти ундан-да қийматли.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz'ning YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади.

Top