Жаҳон | 20:40 / 12.10.2020
10156
2 дақиқада ўқилади

Беларусь ИИВ намойишчиларга қарши жанговар қурол қўллаш билан таҳдид қилди

11 октябрь, якшанба куни Минск ва бошқа шаҳарларда ҳибсга олинган мухолифатчиларни қўллаб-қувватлаш акциялари ўтказилди.

Фото: РИА Новости

Минскдаги намойишлар «ўта радикал» тус олганлиги сабабли зарурият туғилса, намойишчиларга қарши махсус воситалар ва жанговар қуролдан фойдаланилади. Бу ҳақда Беларусь ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Геннадий Казакевич маълум қилди.

 «Шу билан бирга, асосан Минскка кўчган намойишлар уюшган ва ўта радикал тус олмоқда. Шу сабабли ички ишлар органлари ходимлари ва ички қўшинлар ҳарбий хизматчилари кўчаларни тарк этмайди ҳамда зарурият туғилган тақдирда махсус воситалар ва жанговар қуролни қўллайди», — деди Казакевич.

 Казакевичнинг сўзларига кўра, Минскда якшанба куни бўлиб ўтган акциялар намойишлар радикаллашганидан гувоҳлик беради.

 «Кундузи ва оқшомда тошлар, шишалар, пичоқлар ва бигизлар, кечасига келиб эса баррикадалар ва ёнаётган баллонлар», — деди Казакевич.

 Унинг қайд этишича, «буларнинг фуқаролик намойишига ҳеч қандай алоқаси йўқ».

11 октябрь, якшанба куни Минск ва бошқа шаҳарларда ҳибсга олинган мухолифатчиларни қўллаб-қувватлаш акциялари ўтказилди. «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг маълумот беришича, бутун Беларусь бўйлаб шу куни акцияларда қатнашган 586 киши ҳибсга олинди. Куч ишлатиш тузилмалари ёруғлик-шовқин гранаталари ва сув пуркайдиган транспортларни қўллаган.

Беларусда 9 августда бўлиб ўтган президент сайловидан кейин норозилик намойишлари ўтказилмоқда. Сайловда 80 фоиз овоз билан амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб чиққан. Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилганини таъкидламоқда.

Мавзуга оид