Ўзбекистон | 19:00 / 14.10.2020
7122
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институти ва АҚШнинг етакчи университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Бугунги кунда Тиббий таълим халқаро федерацияси ва дунё меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бу соҳада малакали ходимларни тайёрлаш борасида АҚШ, Европа давлатлари, Япония, Корея Республикаси каби ривожланган давлатлар тажрибаси эътиборга молик. 

Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббий таълим сифати ва самарасини халқаро стандартлар талаблари даражасига олиб чиқиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Кеча, 13 октябрь куни Самарқанд давлат тиббиёт институтида Питтсбург университети (АҚШ) билан ўтказилган онлайн видеоконференция ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Питтсбург университети АҚШнинг фан ва таълим юқори даражада ривожланган штатларидан бири – Пенсильваниянинг энг йирик университети ҳисобланиб, унинг таркибида тиббиёт ва биология соҳасида таълим ва тадқиқот юритувчи ва бу соҳада улкан тажрибаларга эга йирик мактаблар мавжуд.

Ўтказилган онлайн конференциянинг асосий мақсади Питтсбург университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш ҳамда ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан иборат.

Питтсбург университети томонидан иштирок этган профессор Маргарет МакДональд, профессор Майкл Эльники ва профессор Салим Хан Самарқанд давлат тиббиёт институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга катта қизиқиш билдирдилар. Музокаралар якунида иккала олий таълим муассасалари ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шу билан бир қаторда Самарқанд давлат тиббиёт институтида Америка қўшма штатларининг врачлар тайёрлаш дастурлари Питтсбург университетининг етакчи мутахассислари ёрдамида ўқув жараёнига татбиқ этилиши келишиб олинди. Ушбу амалиёт жорий ўқув йилида институтга қабул қилинаётган 500 нафар хорижий фуқароларнинг таълим жараёнида ҳам қўлланилади. Бу ўз навбатида, келгусида хорижий фуқароларни институтга янада кўпроқ жалб этишга ёрдам беради.

Илмий ишлар соҳасида Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Питтсбург университети илмий ходимлари ҳамкорликда микробиология ва молекуляр генетика соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва АҚШнинг Миллий саломатлик институти томонидан молиялаштириладиган халқаро қўшма лойиҳалар танловларида иштирок этиши белгилаб олинди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Мавзуга оид