Жаҳон | 22:19 / 18.10.2020
4096
2 дақиқада ўқилади

Прагада коронавирусга чалинганлар учун биринчи меҳмонхона очилди

Чехия пойтахти Прагада фақат коронавирусга чалинганларни қабул қиладиган биринчи меҳмонхона очилди. 

Фото: EPA

4 юлдузли меҳмонхона Прага марказида жойлашган ва Czech Inn Hotels компаниясига тегишли. Меҳмонхона саёҳат вақтида вирусга чалинган сайёҳлар ва уйда қолиб ўз яқинларига инфекцияни юқтиришдан қўрқаётган прагаликлар учун мўлжалланган.

Меҳмонхонага жойлашиш учун коронавирусга мусбат таҳлил топширганлик ҳақида маълумотномани тақдим этиш зарур.
 
“Ҳозирда меҳмонхоналар бўш, кўплаб одамлар эса вирусга чалинган вазиятда қаерга боришни билмайди. Шу сабабли бирор фойдали иш қилишга қарор қилдик”, деб тушунтирган компания вакили.
 
“Коронавирус” меҳмонхонада мижозларга хизмат кўрсатиш тўлиқ контактсиз бўлиб, маъмур билан мулоқот махсус монитор ёрдамида амалга оширилади. Хоналар калити эшикларда қолдирилади.

Ушбу меҳмонхонада масофадан таомлар ва дорилар буюртириш мумкин. Меҳмонхона қоидаларига кўра, мижозлар шифокор ёнига чиқиш ёки етказмани олишдан ташқари, ўз хонасини тарк этиши тақиқланган.
 
Хоналарни тозаловчи ва ошхонадаги ходимлар ҳимоя кийимларида ишлайди.

Мижозлар меҳмонхонани тарк этгач хоналар бир кунга бўш қолдирилади, сўнгра яхшилаб дезинфекция қилинади. Умумий жойларда ҳар кун дезинфекция ўтказилади.
 
Чехия меҳмонхоналар ва ресторанлар уюшмаси маълумотларига кўра, ҳозирда Прагадаги ярим, қолган жойлардаги 30 фоиз меҳмонхоналар пандемия сабабли ёпилиш хавфи остида қолган. Март ойидан бери улардан 10 фоизи ишлашни тўхтатган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид