Жаҳон | 15:25 / 19.10.2020
4667
2 дақиқада ўқилади

Абу-Дабидан биринчи тижорат авиарейси Исроилга етиб келди

Бирлашган Араб Амирликларидан (БАА) биринчи тижорат рейси душанба куни икки мамлакат ўртасида ўтган ой имзоланган битимдан сўнг Исроилга етиб келди. 58 нафар йўловчини, шу жумладан ишбилармонлар, туризм соҳаси мутахассислари ва журналистларни ўз ичига олган Etihad Airways самолёти Тел-Авивнинг Бен Гурион аэропортига қўнди.

Фото: yenisafak

Аэропортда кутиб олинган самолёт куннинг иккинчи ярмида Абу-Дабига жўнаб кетди. Исроил ва БАА сешанба куни Тел-Авив ва Абу-Даби ўртасида 28 ҳафталик тижорат рейсларини амалга ошириш тўғрисида битим имзолаши кутилмоқда.

Etihad Airways самолёти ўтган ҳафта биринчи маротаба Исроил осмони устида парвоз қилди, дея хабар берди Исроил Мудофаа вазирлиги. Икки мамлакат 2021 йил бошида тўғридан-тўғри тижорат авиақатновини йўлга қўйиши кутилмоқда, деб ёзади Исроил ОАВ.

Товарлар, жумладан темир, ўт ўчириш, тозалаш ва электроника ускуналари билан тўлдирилган БААнинг биринчи кемаси эса 12 октябрь куни Исроилнинг Ҳайфа портига етиб келган.

Баҳрайн, БАА ва Исроил 15 сентябрь куни Оқ уйда муносабатларни яхшилаш тўғрисида шартномалар имзолангандан сўнг тўлиқ дипломатик, маданий ва тижорат алоқаларини ўрнатишга келишиб олган.

Фаластинликлар бу битимларни «орқадан ханжар уриш» дея баҳолаб, уларда фаластинликлар ҳуқуқлари инобатга олинмагани ва Фаластин манфаатларига мос келмаслигини таъкидлашган.

Мавзуга оид