Жаҳон тиб олимлари Самарқанд конференциясида: замонавий тиббиёт масалалари муҳокама этилди
16 октябрь куни Самарқанд давлат тиббиёт институтида «Замонавий тиббиётда фундаментал фан» мавзуида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.
Конференция Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 90 йиллигига бағишланди.
Халқаро конференцияда тиббиёт фанининг устувор йўналишлари, фундаментал тиббиёт, инновация ва турли ишланмаларнинг амалий соғлиқни сақлаш тизимига жорий қилиниши муҳокама этилди. Шунингдек, тиббиёт олийгоҳларида ўқув жараёни ташкил қилиниши ва таълим сифатини кўтариш, тиббиёт соҳаси мутахассисларини тайёрлашда СамДТИнинг ҳиссаси ва тутган ўрни ҳақида сўз юритилди.
Анжуманни ўтказишда Ўзбекистон, AҚШ, Россия Федерацияси, Туркия, Украина, Польша, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг етакчи олий тиббий таълим муассасалари ташкилотчилик қилди.
Халқаро илмий-амалий конференциянинг очилишида Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Ж.Ризаев, Россия акушер-гинекологлар уюшмаси вице-президенти, РФА академиги Г.Савельева, Саратов давлат тиббиёт университети ректори, профессор А.Еремин, Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Ж.Эрдол, Ижевск давлат тиббиёт академияси ректори, профессор А.Шкляев (РФ), Олий бизнес мактаби – Льюис Миллий университети ректори, профессор Дариус Возняк (Польша), шунингдек, Украина, Тожикистон ва мамлакатимизнинг бошқа тиббиёт олийгоҳларининг ректорлари сўзга чиқди.
Конференциянинг ялпи мажлисида 8 дан ортиқ нуфузли олий ўқув юртларининг олимлари маъруза қилди. 500 га яқин тингловчилар қатнашди. Айтиш мумкинки, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг Марказий Осиё минтақасининг етакчи тиббиёт олийгоҳи сифатида шаклланиши ҳамда замонавий тиббиёт йўналишларининг долзарб масалалари ҳақида маърузалар эшитилди.
Халқаро илмий-амалий онлайн конференциянинг асосий иши 4 та шўъба йиғилишларида давом этди. Унда республикамиз ва МДҲ давлатлари тиббиёт соҳасининг етакчи олимлари маъруза қилди. Замонавий хирургия, педиатрия, акушерлик ва гинекология, ички тиббиёт, неврология, психиатрия ҳамда тиббиётда фундаментал фан ва тиббий таълимнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг юбилей конференцияси республикамизда тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш, амалий соғлиқни сақлаш турли йўналишларига фундаментал илму-фан янгиликларини жорий қилишга бағишланди. Ишонамизки, бу каби конференциялар мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳларини дунёнинг етакчи тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан алоқалари мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшади.
Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати
Мавзуга оид
15:41 / 28.01.2022
Самарқанд давлат тиббиёт институти Туркия олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтиради
20:00 / 16.11.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги музейидан мингдан ортиқ экспонат ўрин олди
09:00 / 19.10.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли биноси фойдаланишга топширилди
10:29 / 18.10.2021