Жаҳон | 23:09 / 20.10.2020
15488
2 дақиқада ўқилади

Россиялик собиқ вазирдан Россия суд тизими тарихидаги рекорд сумма ундирилди 

Россиянинг Очиқ ҳукумат ишлари бўйича собиқ вазири Михаил Абизов ва унга қарашли хорижий компаниялардан бош прокуратура даъвоси билан 32,5 млрд рубль ундирилди. Таъкидланишича, бу Россия суд тизимида ундирилган рекорд сумма ҳисобланади. 

Фото: ТАСС

Москванинг Гагарин туман суди маълум қилишича, ундирилган пуллар давлат фойдасига ўтказилади. Прокуратуранинг таъкидлашича, Абизов бу пулларни вазир лавозимини эгаллаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ноқонуний ишлаб топган. Жумладан, у мансабдор шахслар учун коррупцияга қарши қонунчилик соҳасида ўрнатилган тақиқловларни бузган, оффшор компанияларга эга бўлган, акциялар олди-сотдиси билан шуғулланган ва ўз мавқеи ҳисобига бойиган.

Ушбу сумма Россия суд тизими тарихида ундирилган рекорд сумма бўлди. Таъкидланишича, бунгача жиноий йўл билан топилган ва давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкнинг қиймати 10 млрд рублдан ошмаган. 

Бундан ташқари, давлат хизматига ўтишдан аввал Абизов эгалик қилган “Группа Е4”нинг банкротга учраши иши бўйича ҳакамлик суди кредиторларнинг собиқ вазир, унинг рафиқаси Екатерина Сиротенко ва “Е4”нинг собиқ президенти Андрей Малишевдан 34 млрд рублдан кўпроқ пул ундириш бўйича бир нечта аризаларини кўриб чиқмоқда.

Абизовга нисбатан қўзғатилган ишлардан бири бўйича унга фирибгарлик (РФ Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми) ва уюшган жиноий гуруҳни ташкил этиш (Жиноят кодексининг 210-моддаси) айблови қўйилган. У ушбу иш бўйича беш нафар айбланувчи билан биргаликда қатор энергетика компаниялари маблағларини ўғирлаб, чет элда жойлашган оффшор компанияларга олиб чиқиб кетишда айбланмоқда. Бу қонунга зид ҳаракатлардан етказилган зарар 4 миллиард рублни ташкил қилади.

2019 йил августида эса собиқ вазирга қарши тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этиш бўйича иккинчи жиноий иш қўзғатилган. Россия тергов қўмитасида таъкидланишича, Абизов вазир лавозимини эгаллаб туриб, ўзига тегишли компанияларни бошқарган ва 32 млрд рубль ишлаб топган.

Абизов ўз айбини тан олмаяпти ва ҳозирда тергов изоляторида қолмоқда.

Мавзуга оид