Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сенат депутатларнинг «самарасиз» қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Тадбиркорлар бундан норози
21 октябрь куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида парламент депутатлари таклиф этган қонун лойиҳалари кўрилади. Уларнинг бири жамоатчилик, хусусан, кенг бизнес доира томонидан салбий қабул қилинди. Тадбиркорлар мазкур қонун лойиҳаси Сенатда маъқулланиши ички бозорда нархлар ошишига сабаб бўлишидан хавотирланмоқда.
Kun.uz билан суҳбатлашган ёғ-мой ва гўшт ишлаб чиқарувчи маҳаллий тадбиркорлар Қонунчилик палатаси депутатлари тасдиқлаган қонун лойиҳаси юзасидан хавотирларини билдиришди.
«Бу нарх тушишига эмас, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, бозорда нотенг шартларда рақобат пайдо бўлади», — дейди ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Зафар Сатторов.
Депутатлар Комилжон Эрназаров, Мақсуд Қурбонбоев ва Абдуғани Умиров ташаббуси билан Солиқ кодексига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент тасдиғидан ўтиб, айни пайтда Сенатга юборилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан 2021 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикасига шакар, шу жумладан, шакар хомашёсини, 2021 йил 1 июлга қадар бўлган даврда эса картошка, ўсимлик ёғи, гўшт, чорва молларини тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек, уларни реализация қилиш айланмаларини қўшилган қиймат солиғидан вақтинчалик озод қилиш кўзда тутилмоқда. Соддароқ айтганда, импорт қилинган ва Ўзбекистон ҳудудида сотувга чиқарилган ёғ, гўшт, картошка ва шакар ҚҚСдан озод этилиши мумкин. Аммо маҳаллий ишлаб чиқарувчи хомашёни импорт қилиши ёхуд сотиб олишида пайдо бўладиган ҚҚС сақлаб қолинган. Бунда импорт товар ҚҚС занжиридан узилади, аммо маҳаллий ишлаб чиқарувчининг товари солиқдан озод бўла олмайди.
«Давлат экспортдан устун келаётган импортга имтиёз бериши, яъни импорт товарни ҚҚСдан озод этиши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ноқулай рақобат муҳитини яратиши мени ҳайратлантирди. Аслида, бу кутилган натижани бермайди. Негаки, импорт товар маҳаллий ишлаб чиқарувчи таклиф этаётган нархдан бироз арзонлаб, бизнинг тадбиркорларга жиддий зарба беради. Нарх эса тақдим этилган ҚҚС имтиёзи бўйича тўлиқ тушмайди», — дейди Зафар Сатторов.
«Олимхон Шуҳратхон Файз» МЧЖ раҳбари муовини Баҳодир Қудратиллаев маҳаллий ёғ ишлаб чиқарувчилар бозордан сиқиб чиқарилса, бозорда таклиф пасайиши, шунга биноан, импорт товар нархи ҳам ошишини таъкидлаган. Импорт ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нарх борасида бир-бирига мутаносиб равишда «босим» ўтказади ва бу нархнинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймайди.
«Promeat» МЧЖ раҳбари Иззат Муталовнинг билдиришича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши гўшт нархини ҳам сезиларли даражада пасайтира олмайди.
«Чунки боқиладиган мол-қўйнинг 95 фоизи аҳоли қўлида. Улар қўшилган қиймат солиғи масаласига дуч келмай, молни нақд пулга сотади. Қассобларга ҳам ҚҚС масаласи таъсир қилмайди. Ўзбекистонда чорвадор фермерлар қўшилган қиймат солиғини тўлайди. Кўриниб турибдики, гўшт савдоси ҚҚСдан озод этилиши нархга сезиларли ва ижобий таъсир қилмайди. Қолаверса, чорва еми ҚҚСдан озод бўлмаган. Аксига олиб, ушбу хабар тарқагандан сўнг, Ўзбекистонга импорт қилинадиган Қозоғистондаги гўшт нархи бир кечада 100 тенгега ошди. Бу хабар Қозоғистон ички бозорида ҳам саросимага сабаб бўлиб, қозоқлар кўп гўшт экспорт бўлиб кетишидан хавотирини шундай намоён қилди», — дейди Муталов.
Баҳодир Қудратиллаев қонун лойиҳаси бошқа тармоқларга ҳам салбий таъсир ўтказишини билдирди. Масалан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кунгабоқар пистасини кам ва ҚҚС билан импорт қилиши оқибатида писта қолдиғи — шрот нархи ошган. Шрот товуқнинг асосий еми ҳисобланади. Бу билан товуқ гўшти ва тухум нархи ҳам ўсиб боряпти.
Kun.uz билан суҳбатлашган Иззат Муталов ҚҚСдан озод этилган товарларнинг кейинги занжирда иштирок этишини савол остига қўйди.
«Масалан, гўштни қайта ишловчилар нима қилади? Қўшилган қиймат солиғисиз сотиб олинган гўштдан колбаса маҳсулотлари тайёрланганда, гўшт умумий овқатланиш шохобчаларида ишлатилганда ҚҚС ўз-ўзидан пайдо бўлмайдими? Занжирнинг бир четини узиб ташлаш мумкин эмас-ку? Шу масала шакар ишлатувчи қандолатчиларни ҳам ўйлантиради», — деди у.
Тадбиркорларнинг барчаси қонун лойиҳаси қайта ва пухта ишлаб чиқилиши тарафдори бўлиб, бозор муносабатига турли давлат аралашуви минимум даражада бўлишини истайди. Улар Сенатдан ушбу масалада эътиборли бўлишни сўрашмоқда.
Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов.
Мавзуга оид
11:24 / 31.05.2026
Ўғитлар инқирози, логистика ва протекционизм: озиқ-овқат нархлари нега ошиб боряпти?
20:32 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ягона марказлашган тизим яратилади
18:38 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тузилди. Унга Азизбек Урунов раис бўлди
07:47 / 15.04.2026