Халқаро коинот станциясида ҳаво сизиб чиқаётган тешик қуруқ чой ёрдамида топилди
Халқаро коинот станциясида ҳаво ташқарига чиқиб кетаётган тешик 3 ҳафталик уринишлардан кейин қуруқ чой ёрдамида топилди.
Станцияда фаолият олиб бораётган россиялик фазогир Иван Вагнернинг таъкидлашича, сизиш жойини топиш учун 3 ҳафта кетган.
“Биз чамаси уч ҳафта давомида шу иш билан шуғулландик, бутун бўш вақтимизни шунга сарфладик”, деб маълум қилган фазогир.
Ҳавонинг сизиб чиқиш жойи ХКСнинг Россияга қарашли сегментида бўлган. Вагнернинг таъкидлашича, ҳозирда тешик вақтинчалик воситалар билан ёпиб қўйилган. Энди экипаж Ердаги хизматлар билан бирга тешикни бутунлайга ёпиш йўлини излайди.
Фазогирнинг маълум қилишича, экипаж тешикни топиш учун кўплаб усулларни қўллаб кўрди. Бироқ натижада уни оддий чой ёрдамида топишга муваффақ бўлинди. Вагнернинг таъкидлашича, тешик шунчалик кичик бўлганки, уни махсус воситалар, жумладан ультратовуш ва инфрақизил камера билан топиб бўлмаган. Охир-оқибат фазогирлар қуруқ чойдан фойдаланишга қарор қилишган. Бунинг учун улар чой пакетчасини ёриб, ундаги чой доналарини сегмент бўйлаб ёйиб юборишган. Бир суткадан кейин вазнсизлик ҳолатида сузиб юрган чой доналари тешик атрофида тўпланиб қолган.
ХКСда ҳавонинг ташқарига сизиб чиқаётгани 20 августда маълум бўлган. 24 августда эса “Роскосмос” бош директори Дмитрий Рогозин станцияда ҳавонинг сизиб чиқиши сезиларсиз эканини ва асбоблар ёрдамида базўр қайд қилинаётганини маълум қилган. У таъкидлаганидек, тешик микрометеоритлар билан тўқнашув оқибатида пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
17:29 / 15.10.2024
ХКС учун ўринбосар: АҚШ компанияси янги космик станция лойиҳасини тақдим этди
18:11 / 14.10.2024
Қаҳва инсулт хавфини оширади, чой эса камайтиради — тадқиқот
16:15 / 12.09.2024
«Союз МС-26» кемасининг Россия ва АҚШдан бўлган экипажи ХКСга етиб борди
14:22 / 28.06.2024