Иқтисодиёт | 07:56 / 08.01.2026
14176
3 дақиқада ўқилади

Дунёда энг кўп чой қаерда ишлаб чиқарилади?

Чой дунёда энг оммабоп ичимликлардан бири бўлиб, уни ишлаб чиқариш географияси ҳам жуда кенг. Жаҳон бозорида айрим мамлакатлар ҳажм ва улуш бўйича кескин олдинда, бошқалари эса ўсиш суръатлари ёки ихтисослашган сегментлари билан ажралиб туради. 

Фото: Getty Imagеs

International Tea Committee (Халқаро чой қўмитаси) маълумотларига кўра, 2024 йилда дунё бўйича чой ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 7,05 миллион тоннани ташкил этган. Жаҳон ишлаб чиқаришининг қарийб ярми Хитой ҳиссасига тўғри келган — 3,74 миллион тонна чой.

Хитойдан ташқари чой бозорида Ҳиндистон ҳам устун ўринга эга: у 1,28 миллион тонна чой ишлаб чиқарган. Учинчи ўринда Кения — тахминан 0,6 миллион тонна.

Топ-5га Туркия (0,27 миллион тонна) ва Шри-Ланка (0,26 миллион тонна) ҳам кирган. Чой ишлаб чиқариш бўйича етакчилар орасида, шунингдек, Ветнам, Индонезия ва Япония ҳам бор.

Фото: World in Maps

Ўзбекистонда чой бозорининг катта қисми импорт ҳисобига тўйинтирилади, маҳаллий саноатда эса кўпроқ импорт баргни аралаштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш амалиёти устун.

Чойни маҳаллий етиштириш бўйича лойиҳалар бор, аммо ҳозирча у йирик саноат ҳажмларига чиққан сектор сифатида кўринмайди (кўпроқ синов ва режалар даражасида).

2024 йилда Ўзбекистон 33 378 тонна чой импорт қилган, қиймати 50,6 млн доллар. 2024 йилда асосий етказиб берувчилар: Хитой (26 806 т), кейин Кения (1 651 т), Эрон (1 271 т), Ҳиндистон (965 т), Россия (578 т). 

Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йил январ–ноябрда импорт 30 204 тонна бўлган (45,2 млн доллар). 

Шу рақамлар Ўзбекистонда истеъмол қилинаётган чойнинг катта қисми чет элдан келаётганини кўрсатади.

2018 йилда Ўзбекистонда бир неча ҳудудда чой плантациялари ташкил этиш, умумий майдонни 283 гектар қилиш ва 2025 йилгача йилига 189 тонна ишлаб чиқариш мақсади ҳақида хабарлар чиққан. 

2022 йилда эса айрим япон чой навларини Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказиш, кейинчалик тоғ/тоғолди ҳудудларда майдонлар ташкил этиш режалари ҳақида ёзилган. 

Россия чой истеъмоли бўйича дунё етакчилари қаторида барқарор ўрин тутади, аммо ишлаб чиқаришда анча орқада қолади. Масалан, 2024 йилда Россияда 113 минг тонна чой ишлаб чиқарилган. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг катта қисми импорт қилинган баргни қайта ишлаш ҳисобига тўғри келган. Краснодар ўлкасида (асосий йиғим ҳудуди) эса 373 тонна чой териб олинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид