GTL заводи ишчилари норозилигига нималар сабаб бўлганди? Масъуллар ва ишчилар изоҳ берди
Uzbekistan GTL заводи ишчиларининг оммавий норозилигига уларнинг иш куни кўпайиб, дам олиш куни ўзгаришсиз қолгани ҳам сабаб бўлган. Бу ҳақда завод масъуллари ОАВ вакиллари билан мулоқотда маълум қилган.
- 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Enter Engineering компаниясининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан биридаги ишчиларнинг норозилиги акс этган видеоёзувлар тарқалди. Бунга изоҳ берган компания раҳбарияти ишчиларининг оммавий норозилигига нонушта ўз вақтида берилмагани сабаб бўлганини маълум қилди. Кейинчалик Энергетика вазирлиги Uzbekistan GTL’даги вазият барқарорлашганини, барча муаммо ва масалалар жойида ижобий ҳал этилганини хабар қилди.
Kun.uz мухбири шу куни ҳодиса жойида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.
Дастлабки маълумотларда ошхонадаги моноблок тизимининг (электрон кириш) техник носозлиги натижасида ишчиларнинг кундалик овқатланишга кира олмагани ҳамда маошлар тўланиши кечиккани ушбу ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлгани айтилганди. Маълум бўлишича, юз берган тартибсизликларда мингга яқин ишчи қатнашган.
«ERIELL» компаниялар гуруҳи бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов ушбу ҳолат бўйича фикрини билдирди.
«Завод ишчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг талабларини эшитдик. Завод аҳоли яшаш пунктидан анча олисда жойлашган ва ходимлар деярли барча вилоятлардан келиб ишлашади.
Очиғини айтиш керак, пандемиягача 22 кун иш, 8 кун дам бериларди. Ўша саккиз кун давомида ишчилар уйига бориб, оиласини кўриб келарди. Июнь ойидан бошлаб 60 кун иш, 15 кун дам бериладиган тартибга ўтдик. Завод ишчиларининг асосий эътирози шунга бўляпти. Икки ой заводдан чиқмай ишлаш натижасида чарчаб қолишяпти.
Бундан ташқари, таомномага ҳам эътироз билдиришди. Овқатнинг сифатига эмас, кам овқат берилаётганидан норози бўлишяпти. Бу борада ҳам талаб икки хил аслида. Кимдир шу эски тартибда қолишини истаса, айримлар ҳар куни ош берилишини истаяпти. Муаммо йўқ бу масалада. Энди рўйхат асосида, ишчиларнинг талабидан келиб чиқиб таомнома тузиладиган бўлди.
Яна бир гап, бизда масалан, сентябрь ойининг маоши октябрь ойининг 15 санасидан бошлаб ой охиригача тўлаб берилади. Ишчилар август ойининг маошини олиб бўлишган. Демак, ойликларнинг кечикиб берилиши ҳақидаги маълумотлар ўринсиз», деди Бахтиёр Фозилов.
Шунингдек, тартибсизлик натижасида келтирилган зарар ходимларнинг ҳисобидан қопланмаслиги ва бирор киши ишдан бўшатилмаслигини маълум қилди.
«Enter Engineering Pte.Ltd.» компаниясининг GTL лойиҳаси Дирекцияси директори Шуҳрат Арзиев эса тартибсизликда асосан ёшлар иштирок этганини айтмоқда.
«Завод қурилишини йил охиригача якунлашимиз керак. Шуни ҳисобга олиб иш муддатини узайтирган эдик. Яъни, қирқ беш кун иш, саккиз кун дам берилиши кўзда тутилганди. Натижада узоқ муддат ишчиларимиз уйларига бора олишмади. Асосан шу ҳолат уларнинг норозилигига сабаб бўляпти.
Айни вақтда заводга келтирилган зарар ҳақида ўйламаяпмиз. Тартибсизликда қатнашган ишчиларимизга ҳам қандайдир чора кўриш ниятимиз йўқ. Чунки бугун ҳар бир ишчининг заводимиз қурилишида ўз ҳиссаси бор. Уларнинг талабларини қондирамиз», деди Ш.Арзиев.
Тартибсизликларда иштирок этган ишчилар билан учраштиришни, уларнинг ҳам фикрини ўзларидан эшитиш ниятимиз борлигини билдирдик. Завод раҳбарлари бизга бир гуруҳ ишчиларни юзлаштиришди.
«Эллик-олтмиш кунлаб заводда қолиб кетяпмиз. Ишчилар кўпайди. Натижада ошхонада узоқ муддат навбатда туриб қоляпмиз. Ишга кечикяпмиз, кейин танбеҳ оляпмиз. Заводдан ётоқхонагача автобусда олиб боришади. Куни билан чарчайсиз, камига автобусни кутиб қоляпмиз, етмаяпти», дейди ишчилардан бири Ойбек Шербўтаев.
Заводнинг яна бир ишчиси Э.Хидиров ҳам тартибсизликларга узоқ муддат навбатда туриб қолиш ва тирбандлик сабаб бўлганини айтди.
«Барча талабларимизни раҳбарларга етказдик, муаммоларимизни ҳал қиладиган бўлишди», дейди у.
Таъкидлаш жоизки, Kun.uz суҳбатлашган ушбу ишчиларнинг ҳеч бири 21 октябрь куни юз берган тартибсизликларда қатнашмаганини таъкидлашди.
Шундан сўнг завод ошхонаси ва ишчилар ётоқхонасида бўлдик. Бу вақтга келиб моноблок тизимидаги носозлик бартараф этилган, ишчиларнинг таомланиши учун муаммо қолмагани маълум қилинди.
Масъуллар тартибсизлик келтириб чиқарган ишчиларни аниқлаб беришолмади. Айтишларича, ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмаган, асосий зарар объектларга етказилган.
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Жаҳонгир АЛИБОЕВ.
Мавзуга оид
14:13 / 11.11.2024
Enter Engineering ходимлари бир неча ойдан буён маошсиз ишлаётганини айтмоқда
21:53 / 26.09.2024
Энг кўп солиқ ва божхона имтиёзини олган корхоналар маълум қилинди
21:19 / 09.09.2024
Enter Engineering ходимлари апрелдан буён маошсиз ишлаётганини айтмоқда
21:50 / 06.09.2024