Иқтисодий ўсиш инқироздан олдинги даражага етиши нисбатан узоқроқ вақт талаб қилиши мумкин - МБ раиси
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Бошқарув йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжуманида 2020 йилнинг III чорагида иқтисодий ўсишнинг босқичма-босқич тикланиши ва иқтисодий фаолликнинг жонланиши тенденциялари кузатилаётгани ҳақида гапирди.
«III чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш биринчи ярим йилликка нисбатан бироз тезлашиб, 0,4 фоизни ташкил этди. Сўнгги ойларда иқтисодий фаолликни жонлантириш билан бирга аҳолининг даромадлари ҳам тикланиб бормоқда.
Бу биз учун ижобий ҳолат. Бунинг натижасида кутилаётган нарса – ялпи талаб ҳам босқичма-босқич тикланиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи асосий омиллардан бирига айланиб қолади. Бироқ иқтисодиётнинг айрим соҳаларида, жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш тармоқларида тўлиқ тикланиш кузатилмаётгани сабабли иқтисодий ўсишнинг инқироздан олдинги даражасига етиши нисбатан узоқроқ вақт талаб қилиши мумкин», деди Марказий банк раиси.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 фоиз бандга қисқарган бўлса, кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати 1,8 фоизгача пасайди. Қишлоқ хўжалигида эса, аксинча, ижобий динамика кузатилиб, ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан тезлашди ва 3,4 фоизни ташкил этди.
Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ўтказмаларнинг умумий сони июль-август ойларидаги пасайишдан сўнг сентябрь ойида тиклана бошлади ва ўтган ойга нисбатан 6,3 фоизга ошди.
Август-сентябрь ойлари давомида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида нақд пул тушумлари ҳажми ўсиши тикланиши кузатилди. Сентябрь ойида нақд пул кўринишидаги тушумлар ва бошқа даромадлар ҳажми ўтган ойга нисбатан 23,2 фоизга ошган бўлса (шу йилнинг январь ойига нисбатан 5,9 фоизга), октябрь ойида ўртача кунлик ўсиш суръати сентябрга нисбатан 6,3 фоизни ташкил этди.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларда кутилаётган ўсиш тенденциялари ва 2019 йилнинг IV чорагида олдинги чоракларга нисбатан иқтисодий ўсиш суръатларининг пастроқ бўлганини ҳисобга олган ҳолда 2020 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиш суръати 1-1,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
11:56 / 11.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти Марказий банклари кенгаши ташкил этилади
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
11:23 / 01.11.2024