10:09 / 27.10.2020
6922

Эми Кони Барретт АҚШ Олий суди судьяси сифатида тасдиқланди 

Фото: globallookpress

АҚШ Сенати Эми Кони Барреттни Олий суд судьяси лавозимига тасдиқлади. Сайловлардан бир ҳафта олдин ушбу лавозимга амалга оширилган тайинлов Дональд Трамп учун муҳим сиёсий ғалаба ҳисобланади. Сенатда кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар қарши овоз берган демократларни ортда қолдирди, деб хабар қилмоқда ВВС.

Яқин келажакда унинг тайинлови туфайли АҚШ Олий судида консерватив судьяларнинг сони янада ортади (6:3). 

Бир умрга сайланувчи 9 кишидан таркиб топган Олий суддаги фикрларнинг ғоявий мувозанати АҚШдаги энг муҳим қонунчилик қарорларида ҳал қилувчи роль ўйнайди. 

Душанба куни кечқурун Оқ уйда бўлиб ўтган маросимда Эми Барретт АҚШ Олий суди судьяси сифатида қасамёд келтирди. 

Олий суднинг янги судьяси сиёсий қарашлари ва шахсий позициясидан қатъи назар, ўз ишини виждонан бажаришга ваъда берди. 

«Мен Конституцияни ва у билан ўрнатилган демократик республикани яхши кўраман. Уни сақлаб қолиш учун боримни бераман», - деган Барретт. 

Барретт республикачилардан вакил бўлган президент томонидан тайинланган учинчи Олий суд судьясидир (2017 йилда Нил Горсач ва 2018 йилда Бретт Каванодан кейин). У сентябрь ойида либерал қарашларга эга бўлган судья Рут Гинсбургнинг вафотидан сўнг бўшаб қолган жойни эгаллайди.

Top