Чехия соғлиқни сақлаш вазири ўзи жорий қилган карантин талабларини бузгани сабабли истеъфога чиқди
Чехия соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула коронавирусга қарши курашиш бўйича ўзи жорий қилган чораларни бузгани туфайли истеъфога чиқмоқда.
29 октябрь куни Чехия президенти Милош Земан шифокор Ян Блатнини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари этиб тайинлайди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби. Блатни ҳозирда Брно шаҳридаги клиниканинг директор ўринбосари саналади.
Ишдан кетаётган вазир билан боғлиқ можаро ўтган ҳафта авж олди. 22 октябрь куни кечқурун Blesk нашри журналистлари сиёсатчининг ресторандан чиқиб келаётганини ва тиббий ниқобсиз ҳолатдалигини суратга туширишган. 14 октябрда коронавирус эпидемиясига қарши курашиш мақсадида ҳукумат қарори билан мамлакатдаги барча умумий овқатланиш муассасаларининг иши тўхтатилган. Овқатни дераза орқали ва фақат кечки соат 8гача сотиш мумкин.
Касби бўйича эпидемиолог ҳисобланган Примула қатъий карантин чоралари тарафдори сифатида танилган. Локдаун жорий этилишидан олдин у мамлакат аҳолиси ўз хатти-ҳаракатини қайта кўриб чиқмагани ва мулоқотни чекламаганлигидан шикоят қилган. Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари ўзининг телевизион мурожаатида фуқароларни коронавирус чекловларига қатъий риоя қилишга чақирганди.
Blesk нашри хабарига кўра, Примула соат 22:00 атрофида ресторанга кирган ва у ердан 23:30да чиққан. Вазир машина эшигини очиб турган ҳайдовчи ёнида ҳам, машина салонида ҳам ниқоб тақмаган. Ресторанда у билан бирга депутатлар раиси Ярослав Фалтинек ва ресторан эгаси Раймонд Шпунда бўлган.
Чехия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий этилган ва ҳукумат томонидан тасдиқланган қоидаларга кўра, мамлакат аҳолиси нафақат ёпиқ жойларда, балки кўчада ҳам бошқа пиёдаларга икки метрдан яқинроқ масофага яқинлашганда, шунингдек, автомобилда ҳайдовчи ва йўловчи бир оиланинг аъзоси бўлмаса, ниқоб тақиши шарт.
28 октябрдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори билан мамлакатда тунда комендантлик соати жорий этилди.
Мавзуга оид
15:30 / 24.10.2024
Чехия бош вазири: Украина учун снарядлар сотиб олиш режага мувофиқ кетяпти
16:00 / 18.10.2024
Чехия Украина учун ўқ-дориларни сотиб олишни давом эттиради
13:52 / 02.10.2024
Skoda ўзининг биринчи ихчам электрокроссовери — Elroq’ни тақдим этди
20:48 / 17.09.2024