20:15 / 01.11.2020
35696

«Бу мағлубиятнинг тан олингани» – Илҳом Алиев Арманистон бош вазири Путиндан ёрдам сўрагани ҳақида гапирди

Фото: fbcdn.net

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путиндан ёрдам сўрагани ҳақида гапирар экан, буни мағлубиятнинг тан олингани деб атади. Пашинян кеча, 31 октябрь куни Путинга Арманистонни қўриқлашни илтимос қилиб хат ёзган эди.

«Бу хат, аслида, мағлубиятнинг тан олиниши. Улар Россиядан ҳарбий ёрдам сўрашди, лекин бунга ҳеч қандай асос йўқ. Арманистоннинг қуролли кучлари тезда Қорабоғдан тинч йўл билан олиб чиқилиши керак. Бу иш муҳокамаларда ҳал қилинмаса, Боку охиригача боради», – деган Алиев Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу билан учрашув вақтида.

Пашиняннинг хатидан сўнг Россия томони бу ҳолатга жавоб берган ва қачонки Арманистон ҳудудида ҳарбий ҳаракат олиб борилса, вазиятга аралашиши мумкинлигини айтганди. Бироқ Илҳом Алиев Озарбойжоннинг Арманистон ҳудудида ҳарбий ҳаракат олиб бориш нияти йўқлигини айтган.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрдан буён давом этмоқда. Озарбойжон ҳарбий ҳаракатларни Арманистон Қорабоғдан чиқиб кетган тақдирдагина тўхтатишини маълум қилган.

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top