Вазир ўринбосари «Ёшлар» ва «Аёллар дафтари»га қанча маблағ ажратилгани ҳамда ундан кимларга ёрдам берилиши ҳақида гапирди
«Ёшлар» ва «Аёллар дафтари» учун Ёшлар ишлари агентлигига 45 млн. доллар ва бизга ҳам шунча маблағ аёллар тадбиркорлиги учун ажратилиши белгиланди. Бизга ажратилган маблағнинг 10 млн. доллари аёлларни тадбиркорлик ва бошқа касбларга ўқитиш учун сарфланади», – деди Маъруфова
Рўйхатга олинганлар билан эса талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тизими орқали ишланади.
Kun.uz мухбири Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Гулнора Маъруфовага «Аёллар дафтари» рўйхати қандай тузилиши, унга кирганларга қўшимча қандай ёрдамлар берилиши ҳамда тизимда коррупция ва кўзбўямачиликларнинг олдини олиш борасида қандай шаффоф тизим йўлга қўйилиши ҳақида саволлар билан юзланди.
Гулнора Маъруфовага интервью давомидаги биринчи саволимиз қандай шароитдаги аёллар дафтарга олиниши ва уларга қандай шаклда ёрдам кўрсатиши борасида бўлди.
Вазир ўринбосари бу борада дастлаб пандемия вақтида ўз ишини йўқотган, маблағсиз қолган ва камбағал оилаларга «Темир дафтар» бўйича турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилгани ҳамда карантин юмшатилгандан кейин улар ҳам аста-секин дафтардан чиқарилаётганини таъкидлади.
«Лекин қийналган оилалар ҳамон бор. Шуларни инобатга олган ҳолда Президент Мирзиёев энди «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тузилишини ҳам эълон қилди.
Бу дафтарга чуқур ўрганишлардан кейин муаммолари бор ва 30 ёшдан ошган аёллар киритилиши белгиланган. Масалан, қандай муаммолилар? Биз аёлларнинг муаммосини ўрганишда ҳеч кимни четда қолдирмаслигимиз керак. Яъни қандай оила бўлишидан қатъи назар, ундаги ҳар бир аёлнинг ўз муаммоси бор.
Дейлик, моддий таъминоти яхши оиладаги аёлда психик, соғлиқ жиҳатидан ва аксинча, камбағал оиладаги аёлнинг табиий, иқтисодий ёки бошқа бир муаммоси бўлиши мумкин. Демак, бу дафтар орқали нафақат аёлларни иш билан таъминлаш, балки психологик, тиббий, ҳуқуқий ва кўплаб жиҳатларда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи туради.
Дейлик, аёл ичкиликка ружу қўйган, у даволатилади. Ёлғиз аёлми? Муаммоси ўрганилиб, ёрдам кўрсатилади. Ишсизми? Ишга кириши ёки ўз тадбиркорлигини бошлашига ёрдам берилади», – деди у.
Маъруфовага кўра, бу дафтар аввалига фақат ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш учун очилган дафтар деб тушунилган.
«Йўқ, бу ерда биз биринчи навбатда муаммоли оилаларни ажратиб оламиз ва уларга ёрдам кўрсатамиз. Китоб жуда кенг қамровли бўлади. Имкон қадар барча муаммоли аёлларнинг муаммосини ечиш учун ишлаймиз. Бунинг учун махсус дастурлар қилинади», – дейди вазир ўринбосари.
«Ёшлар ишлари агентлигига ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 45 млн. доллардан ажратилади»
Бу дафтардаги режаларни амалга ошириш катта маблағни ҳам талаб қилади. Биз суҳбатдошимиздан бу маблағлар қайси манбалар ҳисобига шаклланиши ва қанча маблағ ажратилиши режа қилинаётгани ҳақида сўрадик.
«Президент Мирзиёев 20 август куни тадбиркорликни ҳудудлардаги қўшимча имкониятлар ҳисобига ривожлантириш масаласида ўтказган йиғилишда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га давлатнинг мақсадли жамғармасидан қанча маблағ ажратилишига ҳам аниқлик киритди. Унга кўра, «Ёшлар» ва «Аёллар дафтари» учун Ёшлар ишлари агентлигига 45 млн. доллар ва бизга ҳам шунча маблағ аёллар тадбиркорлиги учун ажратилиши белгиланди. Бизга ажратилган маблағнинг 10 млн. доллари аёлларни тадбиркорлик ва бошқа касбларга ўқитиш учун сарфланади», – деди Маъруфова саволга жавобан.
Унга кўра, республикадаги ҳар бир туман, шаҳар ҳокимликларининг фондидан ҳам хотин-қизлар ва ёшлар учун алоҳидадан жамғармалар тузилади.
Бу жамғарма маблағлари эса кўпроқ аёллар учун шошилинч бўлган ёрдамлар, масалан, уларнинг ўта таъмирга муҳтож уйларини таъмирлаш, оғир ва ўта оғир касалликларини даволаш учун ишлатилади.
«Эҳтиёжмандларга пул тарқатишда у ерда, албатта, банк ходимлари, ички ишлар, солиқ органлари вакиллари туриши керак»
Ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш учун «Темир дафтар» рўйхати тузилган эди. Аммо ўтган вақт давомида бу маблағларнинг ҳам маълум қисми масъуллар томонидан ўзлаштириб юборилгани аниқланди. Бизнинг Маъруфовага берган навбатдаги саволимиз «Аёллар дафтари» учун ажратилган маблағларни тўғри тақсимланишида қандай шаффоф механизм яратилиши ҳақида бўлди.
«Биз ҳозир шу олинган тажрибадан келиб чиққан ҳолда битта маҳалла раисининг маблағларни тақсимлаши нотўғри эканлигини кўрдик. Маҳалла раисининг ўзи маблағларни тарқатиши ҳам нотўғри.
Биз кўрдик шу тизимдаги қанчадан-қанча маҳалла раисларининг ишдан кетгани, жаримага тортилганини. Афсуски, шундай ҳолатлар бутун тизимдагиларнинг юзини қора қилади.
Бу бўйича бизда тажриба шундай бўлдики, эҳтиёжмандларга маблағларни тарқатишда у ерда, албатта, банк ходимлари, ички ишлар, солиқ органлари вакиллари туриши керак.
Бу ерда катта бир комиссия ишлаши керак. Шунингдек, маҳалла биносига ёрдам олган ва оладиганларнинг рўйхати илиб қўйилиши керак, одамларнинг ўзи шуни сўраяпти», – деди Гулнора Маъруфова.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Отахон Юсупов.
Мавзуга оид
20:33 / 30.07.2024
Қуйи Чирчиқ туман ҳокими ўринбосари жиноий жавобгарликка тортилди
18:48 / 28.09.2023
“Ёшлар дафтари” нима? Унга кимлар, қандай шартлар билан киритилади?
07:45 / 08.09.2023
«Ёшлар дафтари»га киритилганлар учун 5 муҳим имтиёз маълум қилинди
07:53 / 22.06.2023