Ўзбекистон | 22:14 / 06.11.2020
12027
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими мажбурий тиббий текширувдан ўтказишни жорий этиш таклифини билдирди

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, фуқароларнинг кўпчилиги ўз соғлиғига бефарқ ва йиқилиб қолмагунча тиббий текширувларга бормайди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда Андижон вилояти тиббиёт тизимида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам сўз олган.

У ўз сўзида вилоятда тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасидаги ишлар юзасидан ҳисобот берар экан, президентга бир қатор таклифларини ҳам билдирган.

«Ҳурматли президент, ҳозир биз тиббиёт тизимидаги квоталарни ўзимиз белгилай олмаймиз. Вилоятда кадрлар қаерга кераклигини биз ҳокимлар яхши биламиз. Шунинг учун, вазиримиз билан келишган ҳолда (Соғлиқни сақлаш вазири назарда тутилмоқда – таҳр) квоталарни ҳам шароитдан келиб чиққан ҳолда ўзимиз белгиласак.

Иккинчи таклифим: одамларимиз ҳозир соғлиғига жуда бефарқ. Улар аҳволи оғирлашиб йиқилмагунча тиббий текширувларга бормайди. Шунинг учун, ўйлашимча, фуқароларга тиббий текширувлардан ўтишни мажбурий қилиш керак. Шу тизимни рухсат берсангиз, Андижон вилоятида тажриба қилиб кўрсак», дея ҳокимнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент Мирзиёев ўз ўрнида бу таклифлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазири тез орада вилоятга бориши, барча масалалар шундан кейин келишилган ҳолда, жумладан, Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори билан амалга оширилишини таъкидлаган.

Мавзуга оид