Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Латвияда фавқулодда вазият эълон қилинди
Ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузган фуқароларга 2 минг, юридик шахсларга эса 3 минг еврогача жарима солинади.
Латвия ҳукумати коронавирус эпидемиясини жиловлаш мақсадида 9 ноябрдан 6 декабрга қадар фавқулодда вазият жорий қилди. Бу ҳақда “Европейская правда” нашри хабар берди.
Бу давр мобайнида бинолар ичида ҳар қандай тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Шахсий тадбирларда 10 кишидан ва иккита оиладан ортиқ одам тўпланиши мумкин эмас.
Мамлакатдаги барча барлар, тунги клублар, коньки майдонлари, аквапарклар, савдо марказларидаги болалар хоналари ёпилади.
Савдо марказларида озиқ-овқат, гигиена, хўжалик ва зоомаҳсулотлар, китоблар сотадиган дўконлар ҳамда дорихона ва оптикалардан бошқа барча дўконлар фаолияти тўхтатилади.
Гўзаллик салонлари ёпилмоқда, сартарошхоналар мижозларни олдиндан рўйхатдан ўтказиш асосида ишлайди.
Болалар боғчалари ёпилмайди. Мактабларнинг 1-6-синф ўқувчилари мактабда ўқишни давом эттиради, юқори синф ўқувчилари ва талабалар масофадан таълим олишга ўтади.
Кўргазма марказлари, маданият муассасалари, спорт заллари ва диний муассасалар соат 20-00дан 06-00гача ишламайди. Музей ва кўргазмаларда тадбирлар ўтказиш ва гуруҳлар учун экскурсиялар ўтказиш тақиқланади.
Ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузган фуқароларга 2 минг, юридик шахсларга эса 3 минг еврогача жарима солинади.