Жаҳон | 23:48 / 09.11.2020
35921
1 дақиқада ўқилади

Трамп Пентагон раҳбарини истеъфога жўнатди

АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагон раҳбари Марк Эсперни истеъфога жўнатди. Мудофаа вазири лавозимини 9 ноябрдан Террорчиликка қарши курашиш миллий маркази раҳбари Кристофер Миллер бажаради.

Фото: Reuters

“Сизга Кристофер Миллер, Террорчиликка қарши курашиш миллий марказининг чуқур ҳурматга эга раҳбари шу ондан бошлаб Мудофаа вазири лавозимини бажаришини маълум қилишдан хурсандман. Крис бу ишни ажойиб уддалайди! Марк Эспер ўз лавозимидан олинди. Унга хизмати учун миннатдорлик билдириб қоламан”, – деб ёзган Трамп твиттерда.

56 ёшли Эспер ушбу лавозимни 2019 йил июлидан бери эгаллаб келаётганди.

Бироқ Миллер ҳам ушбу лавозимда узоқ қолмаслиги эҳтимоли бор, чунки АҚШ президенти сайловларида ғалаба қозонгани эълон қилинган Жо Байден ушбу лавозимга ўз одамини тайинлаши мумкин. 

Аввалроқ ОАВда Эспер истеъфога чиқишни ўйлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бунга эса Трамп ва у орасида ёзда бошланган зиддият сабаб бўлиши мумкинлиги айтилган. АҚШ Президенти армия мамлакатдаги тартибсизликларни бостириш билан шуғулланишини истаган, бироқ Эспер бунга қарши чиққан.

Мавзуга оид