Коронавирус пандемияси бошланганидан буён тиббиёт ходимларига рағбатлантирувчи тўловлар берилмаётгани билан боғлиқ муаммоли масалаларга кўп бора тўхталдик. Навбатдаги шунга ўхшаш муаммо Наманган вилоятининг Чуст туманида ҳам юз бермоқда.

Чуст тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида 500 нафарга яқин ходим фаолият юритади. Ходимлар Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 июлдаги «Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 446-сонли ва шу йил 24 сентябр кунги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 583-сонли қарорларига асосан рағбатлантириш тўловлари тўланмаётганидан норози.

Туман тез тиббий ёрдам бўлими ва унинг филиали ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини тингладик.

«Мамлакатимизга пандемия хавф сола бошлаган илк кунлардан бошлаб, президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашаётган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш учун чиқарилаётган қарорларни кузатиб боряпмиз. Лекин мазкур қарорлар ҳеч бизнинг тез тиббий ёрдам бўлимига татбиқ қилинмаяпти. Март ойидан бери бўлимимиздаги фақат битта бригада фақат апрель ойида 6 фоизлик қўшимча тўлов олди холос. Бошқа бригадаларга берилмади.

Шу йилнинг 20 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг 446-сонли қарори чиқди. Ҳужжатда шу кунгача бериб келинган ҳар кунлик 6 фоизли қўшимча тўлов ўрнига врачлар учун 2,5 млн сўм, ҳамширалар учун 1,5 млн ва ҳайдовчилар учун 1 миллион сўмдан қўшимча рағбатлантирувчи тўловлар тўланиши белгиланган. Лекин биз август ойидан бери мана шу тўловларни олмадик.

Муаммо юзасидан Чуст шаҳар молия бўлимига, Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилдик. Улардан бу тўловлар бизга берилмаслиги ҳақидаги жавобни эшитгач, масаламиз «республика миқёсида ҳал бўлади» деган умидда 10 00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилдик. Улар: «Бир ой ичида ижобий ҳал бўлади, кутинглар», дейишди.