Жамият | 17:08 / 10.11.2020
4881
3 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши курашда Самарқанд давлат тиббиёт институти ва германиялик олимлар ҳамкорлик қилади

Жорий йилнинг 7-9 ноябрь кунлари Германиянинг касалликлар назорати ва олдини олишга ҳамда уларни ўрганишга ихтисослашган Роберт Кох Федерал тадқиқот институти профессори Жералд Рипбергер бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Самарқанд шаҳрида бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, Роберт Кох институти Германия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биотиббиёт фанлари, хусусан, юқумли ва юқумсиз касалликлар соҳасидаги марказий тадқиқот ва маълумот маркази, шунингдек, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ маълумотларни таҳлил қилувчи асосий агентлик ҳисобланади.

Делегация Роберт Кох институтининг эпидемиология, анестезиология ва реаниматология, юқумли касалликлар, ички касалликлар ва лаборатор диагностика соҳасидаги етакчи мутахассислардан таркиб топган бўлиб, ташрифнинг асосий мақсади коронавирусга қарши олиб борилаётган тадбирларни баҳолаш ва коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш реабилитацияси бўйича тиббий хизматларни ташкил этишда услубий ёрдам кўрсатишдан иборат эди.

Уч кун давомида Германиядан келган мутахассислар коронавирус инфекциясига чалинган беморларни саралаш ва даволаш ҳудудий марказига ташриф буюриб, Самарқанд давлат тиббиёт институти мутахассислари билан биргаликда оғир беморларни даволаш борасида олиб борилаётган муолажалар таҳлилини ўтказишди. Уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тегишли маслаҳатлар беришди.

Кўрсатилаётган амалий ёрдам билан кўпроқ коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш ва реабилитация қилишга ихтисослашган тиббий марказлар қамровини, уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларига услубий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида, Самарқанд давлат тиббиёт институтида германиялик мутахассислар иштирокида «COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш ва реабилитация қилиш: Роберт Кох институтининг тажрибаси» мавзусида онлайн видеоконференция ташкил этилди. Конференция давомида турли хил даволаш усуллари самарадорлиги ва ушбу вирусли инфекция натижасида юзага келиши мумкин бўлган асоратларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида делегация вакиллари Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Бунда қўшма илмий лойиҳалар ҳамда Роберт Кох институти базасида СамДТИ профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш каби масалалар алоҳида эътиборга моликлиги иккала муассаса вакиллари томонидан маъқулланди.

Ўтказилган музокаралар якуни бўйича амалий ва назарий тиббиёт, жумладан, коронавирус инфекциясини даволаш ва олдини олиш бўйича қўшма илмий тадқиқотлар соҳасида икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилиши келишиб олинди. Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дўстлик алоқалари тобора ривожланиб бораётган даврда икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик давлатлараро алоқаларни ривожлантиришга алоҳида ҳисса қўшиши муқаррар.

Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид