1-курс талабалари учун контракт тўлашнинг охирги куни 1 декабр этиб белгиланди
Ўқишини кўчирган ёки тиклаган абитуриентлар ҳам қишгача контрактнинг камида чорак қисмини тўлашлари лозим.
Давлат қабул комиссиясининг 7-сон баёни қабул қилинди. Унга кўра:
- Ўқишга тўлов-контракт асосида тавсия этилган абитуриентлар ва ўқишини кўчирган (тиклаган) талабалар учун контракт тўлаш муддати 1 декабргача узайтирилди;
- Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган 101 нафар чин етим абитуриент давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди;
- Янги очилган Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтига 2020/21 ўқув йилида базавий тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланди.
Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтига водийнинг уч вилоятида доимий рўйхатда турувчи, республика ОТМларига юқоридаги жадвалда келтирилган таълим йўналишларидан бирини биринчи йўналиш сифатида танлаб, тестдан йиқилган, лекин 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар контракт асосида қабул қилинади.
Институтга 375та квота ажратилган. ДТМ ушбу 375 талабани аниқлаш учун абитуриентлар тўплаган балларнинг кетма-кетлиги асосида рўйхат тузади.
- Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалига бу йилги қабул тартиби ҳам белгиланди. Унга кўра, филиал бакалавриатига республика ОТМларига мазкур филиалда мавжуд йўналишлардан бирини биринчи сифатида танлаб, ўқишга кира олмаган, лекин тўплаган балли 68,0 (тўлов-контракт учун 56,7 балл) ва ундан юқори бўлган 475 нафар абитуриент қабул қилинади.
Филиал магистратурасига кириш учун ҳужжатлар 14-24 ноябрь кунлари қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари 26-30 ноябрга белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қораўзак туманларидан бўлган абитуриентлар учун ҳам қўшимча қабул эълон қилинган.