Ўзбекистон | 22:42 / 14.11.2020
13678
5 дақиқада ўқилади

Тарих дарслиги сиёсий тарғибот майдонига айланмаслиги керак – Шуҳрат Сатторов билан интервью

13 ноябрь куни АОКА биносида «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент Мирзиёев фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг ўтказилди.

Уни Халқ таълим вазирлиги хузуридаги Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов олиб борди. Kun.uz мухбири эса тадбир якунида марказ директори билан мактабларда таълим сифати, жумладан, дарсликлар мавзусида кичик интервю уюштирди.

— Шуҳрат ака, сиз таълим соҳаси, жумладан, мактабларда дарсликлар тайёрланиши ва унинг мазмуни бўйича масъул шахслардан бирисиз.

Шу маънода, бугун айрим дарсликларимиз, масалан, тарих фани дарслигида сиёсий тарғибот чақириқлари, мавзулар кўпайиб бораётгандек.

Дарсликлар бу борада қандай назоратдан ўтмоқда ва умуман, тарих фани дарслиги қандай тайёрланиши керак деб ўйлайсиз?

— Фикрингиз тўғри, бугунги кунда барча фан дарсликларида бу каби муаммолар бор. Мана шу фаолиятга киришганимдан сўнг, биринчи вазифа бу дарсликлар таҳлили бўлган. Бу ягона хато эмас. Дарсликларда имло хатоларидан тортиб, мана шундай ижтимоий-маънавий ва сиёсий хатоликларга ҳам йўл қўйилган. Ушбу дарсликларнинг аксарияти ОТМ профессор устозлари томонидан ёзилган.

8-синф Ўзбекистон тарихи фани дарслигидан

— Муаллифлар дарсликларни ёзаётганда топшириқ олишадими ёки ўзларининг ташаббуси бўладими бу?

Шуҳрат Сатторов

— Муаммо шундаки, бугунги кунгача биз бугун кўтариб чиқаётган дастур масаласида чалкашликлар бўлган. Бунинг сабаби эса стандартларнинг тўғри тузилмаганлигида. Дарсликларни соҳанинг кучли профессорлари томонидан тузилиши мақсадга мувофиқ. Лекин бизда шу пайтга қадар ўқувчининг мавзуни ўзлаштириш даражаси ҳисобга олинмаган.

Дарслик ёзиш худдики илмий ҳамжамиятдаги кишиларнинг пойгасига ўхшаб қолган. Устоз ва профессорлар қандай билими бор бўлса барчасини дарсликка олиб киришга ҳаракат қилишган. Бу уларга дарс соатлари ва ойликни оширишга хизмат қилади.

Фикримни бир мисол билан тушунтираман, сиз ўқувчига бир коса овқат берсангиз у овқатни маза қилиб ейди ва икки-уч кундан кейин ўша овқатни яна соғинади. Лекин ўқувчининг олдига бир пайтнинг ўзида уч коса овқат қўйсангиз, ўқувчи ушбу овқатдан безиб қолади.

Шу нуқтаи назардан бизда ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ҳеч қачон ҳисобга олинмаган.

Шунингдек, олимларнинг қўлига аниқ дастур ва стандартлар берилмаган. Ҳозир ҳам тарихни қандай ўқитамиз деган саволга аниқ жавоб йўқ.

Собиқ иттифоқ даврида дарсликлардаги асосий ғоя сиёсий тарғибот бўлган. Дарсликлар Иттифоқнинг тарғибот-пропаганда қуролларидан биридир деган фикрлар ҳам бўлган. 

Мустақилликдан кейин бизда жамият ўзгарди, ўзимизнинг мустақил йўлимизга эга бўлдик. Лекин дарслик муаллифларида ёндашув ўша-ўшалигича қолиб кетди. Натижада ўқувчиларда кўникма шаклланмади.

Ҳозир ҳам мактабдаги тарих дарсликларининг бир саҳифасида ўн-ўн бешта рақамлар берилганини кўрамиз. Яъни, ўзбек дарсликлари кўпроқ фактологияга асосланган. Ваҳоланки, тарих ўқувчида кўпроқ даврларни солиштириш, таққослаш ёки қарор қабул қилишни шакллантирадиган фанлардан бири.

Шахсий фикримча, биз тарих фани дарслигида кўпроқ жамиятларнинг ривожланиш ва емирилиш босқичларига аҳамият қаратишимиз керак. Ва бу жараёнларда шахсларнинг ўрни қандай бўлгани жуда муҳим. Қайтараман, биз тарих дарслиги орқали болага кўпроқ тарихий шахсларнинг қарорларини, ёндашувларини ўргатишимиз керак.

Жамиятларни тарихда қайси олимлар ривожлантирганига кўпроқ аҳамият беришимиз керак. Қандайдир эслаб қолиниши керак бўлган йиллар ёки фактологияга урғу беравериш шарт эмас.

Масалан, Жанубий Кореядаги таҳсилим давомида уларда тарих шундай ўқитилишига гувоҳ бўлдим.

Ўйлаб кўринг тарихни яхши ўқиган ўқувчи аксарият ҳолларда давлат бошқарувидаги фаол шахслардан бирига айланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда биз тарих ёрдамида ўқувчиларда қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиришимиз керак.

Биз ҳозир тарихчи, тадқиқотчилар билан бирга ўқувчиларнинг ўзлаштириш натижаларига асосланган ҳолда тарихни янгича ёндашув билан ўқитиш дастури устида ишламоқдамиз. Бунда ушбу дастурни биринчи навбатда жамоатчилик, олимларимиз хусусан фанлар академияси қошидаги тарих институти билан тайёрлаб, кейин унинг асосида дарсликларни ёзишга киришамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Мавзуга оид