Ирқий камситишни қонунийлаштириш
Не тонгки, Буюк Британия колониялари бўйлаб озодлик шабадалари эса бошлаган, дунё фашизмдан қутулган бир вақтда Жанубий Африка Иттифоқида ўта ўнг миллатчи ва ирқчилар партияси («Миллий партия») 1948 йилги сайловларда ғалаба қозонди.
Жанубий Африка европалик колонизаторларнинг энг катта манзилларидан саналар, бу ерда миллионлаб оқ танлилар диаспораси шаклланганди. Миллий партия ажратувчилик сиёсатида уларнинг қўлловига таянди.
Миллий партия мамлакатда ирқий бўлинишлар асосидаги ўта қаттиқ қонунларни жорий қилди. Бу қонунлар асосида «давлат – оқ танлилар учун» шиори ётарди. Ваҳоланки, оқ танлиларнинг аҳоли улушидаги сони 20 фоизга ҳам етмасди.
Апартеид (апартеид – африканс тилидан олинган бўлиб, бўлиш, ажратиш, алоҳидалаш дегани) эълон қилингач, куракда турмайдиган қонунлар асосида қора танлилар ижтимоий ҳаётда оқлардан ажратиб ташланди. Қора танлилар ҳаттоки фуқаро сифатида ҳам кўрилмай, бантустанлар деб аталувчи, ташландиқ ҳудудларга сиқиб чиқарилди, ҳосилдор ва ривожланган жойлар «оқ ҳудудлар» дея атала бошланди.

Апартеид сиёсати қатор чекловларни жорий этди. Жумладан:
– Қора танлилар ва оқлар ўртасидаги жинсий ва никоҳ муносабатлари бутунлай тақиқланди;
– қораларнинг оқларнинг ҳудудларида махсус рухсат билан кириш жорий этилди;
– автобус ва бошқа транспортлар ҳам ажратилди. Ҳатто оқ танлилар учун алоҳида скамейкалар жорий этилди. Алоҳида кинотеатр, пиёдалар йўлакчаси ва ҳожатхоналар ишга туширилди.
Ирқий ажратиш олий таълимга ҳам кириб борди. Оқлар, қоралар, осиёликлар ва «ранглилар» (метислар) учун алоҳида олийгоҳлар очилди.
Қора танли полициячилар оқларни қўлга ололмасдилар. Ирқий камситишга учраган аҳоли яшайдиган ҳудудларда инфраструктура шунчаки ҳалокатли эдики кўп жойларда сув, электр каби оддий эҳтиёжлар йўқ эди, тиббий хизмати хароб, шифокорлар етишмасди. Оқ танлиларда эса бу нарсалар жуда яхши йўлга қўйилганди.
















