Ўзбекистон | 20:25 / 17.11.2020
4780
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада етти нафар ўқитувчига 164,3 миллион сўм устама пуллари тўланмаганлиги аниқланди

Ҳозирда 5та ариза юзасидан 121 млн 855 минг сўмни ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилди, 42 млн 448 минг сўм устама суммаларини ундириш ҳақидаги 2та ариза фуқаролик судида кўриб чиқилмоқда.

Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фаолиятида “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори талабларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди.

Таълим муассасалари ўқитувчиларидан халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз ҳамда асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақлари тўланиши керак бўлса-да, амалда вилоят бўйича олимпиада ғолиби бўлган Учкўприк ва Сўх туманларидаги мактабларда ишловчи 7 нафар ўқитувчига устамалар тўланмаганлиги аниқланган.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар қилишича, вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш якуни бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига киритилган тақдимнома муҳокама қилинди.

Унга кўра, Сўх ва Учкўприк туман ХТБ мудирларига жорий йилнинг 5 октябр кунига қадар устама ва мукофот пулларини тўлаб берилиши юклатилган бўлса-да, амалда ушбу ўқитувчиларга 164 миллион 303 минг сўм устама пуллари тўланмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Риштон ва Қўқон туманлараро судига 7 та суд буйруғи тартибида 164 миллион 303 минг сўмни ундириш юзасидан аризалар киритилиб, ҳозирда 5та ариза юзасидан 121 миллион 855 минг сўмни ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилди, 42 448 000 сўм устама суммаларини ундириш ҳақидаги 2та ариза фуқаролик судида кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Сўх туман ХТБ мудири А.Темиров ва Учкўприк туман ХТБ мудири Д.Аюповаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баробаридан маъмурий жарима тайинлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан бошқарманинг ёзма кўрсатмаси юборилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид