Сурхондарёда бу йил қанча йўл таъмирланди?
Мазкур вилоятда жами автомобил йўллари узунлиги 16 170 километрдан зиёд. Шундан, 2843 километри (17,6 фоиз) умумфойдаланувдаги автомобил йўллари қўмитаси тасарруфида. Қолган қисми (13327 км.дан зиёд) маҳаллий ҳокимликлар балансида бўлган минтақавий (хўжаликлараро қишлоқ, шаҳар кўчалари ва аҳоли пунктлари) йўллардир.
Автомобил йўллари қўмитаси тасарруфидаги 2843 км узунликдаги умумфойдаланувдаги автомобил йўлларидан 351 километри халқаро аҳамиятдаги автомобил йўллари, 990 километри давлат аҳамиятдаги, 1502 километри эса маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлларидир.
2020 йилда барча манбалар ҳисобидан 538,3 км узунликдаги йўлларда 375,3 миллиард сўмлик йўл ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Йилнинг январ-октябр ойларида вилоятдаги йўл корхоналари ва пудратчи корхоналар томонидан жами 458,3 км узунликдаги йўлларда 243,7 миллиард сўмлик йўл ишлари бажарилган. Айни вақтда йўл қурилиш ишлари давом этмоқда.
Умумфойдаланувдаги автомобил йўллари бўйича жорий йил якунига қадар 283,7 км йўлда қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари кўзда тутилган бўлиб, ушбу мақсадлар учун 298,9 млрд сўм маблағ ажратилган. Ўтган ўн ой мобайнида 258,2 километр йўлда 187,5 миллиард сўмлик йўл ишлари бажарилган.
Инвестиция дастурига асосан январ-октябр ойларида 54,9 миллиард сўмлик йўл ишлари амалга оширилди. Йил якунига қадар эса 16 та объектда 109 миллиард сўмлик йўл ишлари бажариш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида 23,4 километр йўл равон кўчага айланади.
Тўла таъмирлаш ишлари дастурига асосан 2020 йилда 10та объектда 8,3 километр йўлда 25,7 миллиард сўмлик йўл ишлари амалга оширилган.
Жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари дастурига асосан 14 та туман ва Термиз шаҳри ҳудудидаги 2843 километр йўлда жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилди. Бунинг учун 85,9 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўн ойда 95 километр йўлда таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Вилоятда бугунга қадар 219,6 километр ички йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликлар балансида бўлган 108та объектда 103,8 км ички автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш ишлари учун 35,0 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шундай қилиб, Сурхондарё вилоятида йилнинг ўн ойи давомида 24,1 км узунликдаги қайта қуриш объектлари автомобил йўлларида йўл ишлари якунланиб фойдаланишга топширилмоқда, 7,2 км йўл узунликдаги автомобил йўлларида эса тўла таъмирлаш ишлари якунланди. Бу 2019 йилдагига нисбатан 7,8 км.га кўпдир. 2021 йилда эса вилоят бўйича 45,6 км узунликдаги қайта қуриш ва тўла таъмирлаш объектларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Сурхондарё автомобил йўлларидан фойдаланиш бош бошқармаси ахборот хизмати